Инсон дунёга бир марта келади. Шунинг учун бўлса керак у ёшми-кексами, эркакми-аёлми, айёрми-соддами, олимми-нодонми нима бўлган тақдирда ҳам, мана шу инсонлиги учун уни севадиган, ардоқлайдиган, кутадиган, гапларини тинглайдиган, характерини кўтара оладиган одамлар топилади. Шу сабаб суйганларимизнинг тирноғига тикан кирса, бизнинг ҳам жонимиз оғрийди. Аммо яқин инсонингни ўлим билан олишиб ётганини кўришинг эса умуман кўтариб бўлмайдиган дарддир. Айниқса, у уч ярим яшар норасида гўдак бўлса...

20 январнинг кечки тўққизи

Бундан бир ярим ой муқаддам уч ярим яшар жияним Ёсинахоннинг нафас олишида ўзгариш пайдо бўлди. Нафас олганида хириллаган бўғиқ овоз чиқар эди. Онаси, яъни синглим уни шифокорларга кўрсатиш ниятида Самарқанддаги кўп тармоқли шифохонага олиб кетди. У ерга боргач, педиатр Намозов Фазлиддин Шарофиддинович исмли педиатр жиянимга нафас йўлидаги аллергия ташхисини қўйиб, зарур дори-дармонлар ёзиб бериб, уларни жўнатиб юборди.

Орадан кунлар ўтди. Аммо Ёсинахоннинг аҳволи ёмонлашса, ёмонлашдики, бироқ яхши томонга ўзгармади. Онаси шифокор айтган қиммат дориларни сотиб олиб келар, уни қизига ичирар, бирор наф бўлармикан, деган илинжда кунларни санарди. Бироқ айнан шу куни, яъни 20 январда...

Ўз хонамда ишларимни бажариб, мақола ёзиб ўтиргандим. Ҳовлидан дадамнинг баланд овозда мени чақираётганларини эшитиб, шошиб ўрнимдан турдим-да, ҳовлига чиқдим. У кишининг рангларида ранг қолмаган, кўзлари хавотир ва қўрқувдан катта-катта бўлиб кетганди. “Пластик картангни тез олиб чиқ, Ёсинахоннинг нафас олиши оғирлашди. Шифохонага олиб бориш керак”, дедилар. Юрагим шув этиб кетди. Шошилиб уйга кирдимда, пластик картамни қўлимга олганча, ҳовлига отилдим. Синглим йиғлаганича, қўлида қизини ушлаб олган, жияним худди кимдир бўғаётгандек, қисқа-қисқа, аммо оғир нафас оларди. Оғиз атрофи кўкариб кетган эди.

Ишимни чала қолдирдим-у, ота-онам ва синглимга қўшилиб, Шаҳрисабз болалар шифохонасига йўл олдим. Жиянимнинг аҳволини кўрган шифокор, уни жонлантириш бўлимига олди. Ёнида онасини қолдириб, бизни ташқарига чиқариб юборишди. Ҳаво совуқ, қўрқув, ёмон хаёллар, онамнинг йиғиси аралашиб, жуда кучли ваҳима уйғотар эди. Дадам ҳар 10 дақиқада неварасининг аҳволини сўрар, аммо бир хил жавоб: “Ўзгариш йўқ”, деган сўзни эшитиб, ортга қайтар эдилар. 

Маслаҳатлашиб, синглим борган самарқандлик шифокорга қўнғироқ қилдик. У айни дамда жиянимга қараётган шифокор билан гаплашди. Зарур кўрсатмалар берди, шекилли, бизга айрим дори воситаларини олиб келишлигимизни айтишди. Дориларни олиб келдик... Яна дақиқалар ўтиш бошланди. Озгина умид пайдо бўлди. Бироқ аҳвол яхшиланмади.