Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, банк-молия, нефть-газ, машинасозлик, савдо-саноат, сармоя, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, геология ва минерал ресурслар, металлургия, кимё ва озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори технологиялар, таълим ҳамда ахборот технологиялари каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги алоқалар барча жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада ҳам изчил ривожланиб бораётгани, ушбу мажлис ўзаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини ишга солишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон иқтисодиёти, хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёзлар бугун энг тараққий топган давлатлар эътиборини тортмоқда. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси йил сайин ошиб бормоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 454 миллион долларни ташкил қилди. Ўзбекистонда америкалик сармоядорлар билан ҳамкорликда тузилган қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда, АҚШ фирма ва компаниялари юртимизда ваколатхоналарини очган. Улар автомобилсозлик, нефть-кимё, тўқимачилик ва енгил саноат, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослашган.
Ўзаро муносабатларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик устувор аҳамиятга эга. АҚШнинг Coca-Cola International, General Electric, CNH Industrial, Honeywell, US Inc. каби кўплаб компаниялари Ўзбекистонда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бунда Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда иш юритиш учун яратилган қулай сармоявий муҳит, кенг имконият, имтиёз ва преференциялар муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайишида Америка – Ўзбекистон савдо палатаси муҳим ўрин тутади. 1993 йили ташкил этилган ушбу палата икки мамлакат ўртасидаги савдо-сармоявий алоқаларни ривожлантириш мақсадида кўнгилли асосда тузилган ноҳукумат нотижорат ташкилотдир. Унга аъзо компаниялар хедж фондлардан тортиб юридик фирмалар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, меҳмонхоналар ва интернет хизмати провайдерларигача бўлган турли бизнес жабҳаларида фаолият юритади.
Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг асосий мақсади АҚШ фирма ва компанияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига жалб этиш, хусусан, мамлакатдаги сармоявий муҳит билан уларни яқиндан таништириш баробарида, инвестиция киритиш ва ҳамкорликда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чорлаш, тадбиркорларнинг бизнес режаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.














