Фан-техника | 16:16 / 09.02.2017
7913
2 дақиқада ўқилади

Google янги Android Wear 2.0 дастурини ишлаб чиқди ва LG «ақлли» соатини тақдим этди

Google компанияси ақлли соатлар учун ўзининг дастурий таъминоти — Android Wear’нинг янги намунаси Android Wear 2.0 дастурини ҳавола қилди. Шу билан бир вақтнинг ўзида компания LG компанияси ишлаб чиққан иккита соатни ҳам тақдим этган. Улар янги дастур негизида ишлайди. 

Android Wear 2.0 дастурида циферблатларни созлаш имкони пайдо бўлган. Унинг воситасида керакли функцияларни асосий ойнага чиқариш мумкин бўлади. Бундан ташқари, тизим циферблатларни тезда алмаштириш имконини беради. 

Google Fit иловасида ҳарорат, масофа, сарфланган калория ҳамда соатда пульс ўлчагич бўлса, пиёда юриш, югуриш ёки велосипедда сайр қилиш чоғида пульсни назорат қилиш мумкин. Шу қаторда ўтириб-туриш, гантел ва штангани такрорий кўтаришлар сонини санашларни ҳам илованинг ўзи бажаради. 

Android Wear 2.0 дастурида иловани бевосита соатнинг ўзига юклаш имкони мавжуд. Шу билан улар телефонсиз ҳам ишлаши мумкин, яъни соатда мобил модул бўлса кифоя, бевосита соатнинг ўзидан ҳам қўнғироқ қилса бўлади. 

Фойдаланувчилар соат экранидаги клавиатура ёрдамида матнли хабарларга жавоб бера олишади. Google, шунингдек, Google Assistant овозли ёрдамчини ҳам киритган. 

Google янги дастурий таъминоти билан бирга LG Watch Style ва LG Watch Sport соатларини ҳам намойиш қилди. Sport модели Style намунасидан тўловлар учун NFC-чип мавжудлиги, GPS-навигатори борлиги, пульс ўлчагич ва мобил алоқа модули борлиги билан фарқланади. 

LG Watch Style (ўнгдан юқорида) ва LG Watch Sport (чапдан пастда)

Google компанияси Android Wear 2.0 тизимини яқин ҳафталарда Android тизимида ишлайдиган аксарият «ақлли» соатларга тарқатишга ваъда бермоқда. LG соатлари эса АҚШ, Канада, Саудия Арабистони, ЖАР, Жанубий Корея, Россия, Тайван ва БААда пайдо бўлади. 

Мавзуга оид