Фан-техника | 09:28 / 13.02.2017
8813
3 дақиқада ўқилади

LG ва Google компаниялари Android Wear 2.0 негизида ақлли соат ишлаб чиқишди

LG Watch Sport ва LG Watch Style нафис қўлсоатлари ҳар доим алоқада қолиш имконини беради.

LG Electronics (LG) ва Google компаниялари янги Android Wear 2.0 дастурий таъминотида ишлайдиган ақлли соатларни расман тақдим этди. LG Watch Sport ва LG Watch Style соатларининг глобал миқёсдаги савдолари 10 февраль куни АҚШдан бошланади. Кейинроқ, шу ойнинг ўзида бу соатларни Европа ва Осиёнинг етакчи мамлакатларида Google Store онлайн дўкони ёки айрим чакана савдо дўконларида харид қилиш мумкин бўлади.

LG Watch Sport ва LG Watch Style соатларига Qualcomm® Snapdragon™ Wear 2100 процессорлари ўрнатилган бўлиб, улар янги авлод электроникаси учун мўлжаллангандир. Иккала моделда ҳам Google Assistant иловаси бор. LG Watch Sport соати, шунингдек, NFC – тегмасдан тўлаш имконини берувчи тизим негизидаги Android Pay тўлов тизимини ҳам қўллаб-қувватлайди. LG Watch Sport соати ёрқин юмалоқ P-OLED  дисплей билан жиҳозланган. Соат корпуси тобланган пўлатдан ишланган. Экранни Gorilla Glass 3 шишаси ҳимоя қилади. Камари термопластик полиуретандан ясалган.

LG Watch Style модели — бу ихчам, нафис ва ажойиб аксессуардир. Улар ташқи кўриниши чиройли бўлиши билан бирга амалий имконияти кенг бўлган ақлли соатларни ёқтирадиган шаҳарликларга мўлжалланган. LG Watch Style дизайни 3 хил: кумуш, титан ва пушти тилла рангда ишлаб чиқарилади. Турли тусдаги камарлар соатнинг ташқи кўринишини кайфиятга қараб ўзгартириш имконини беради.

LG Watch Sport ва LG Watch Style ақлли соатлари 27 февраль 2 март куни Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтадиган MWC-2017 кўргазмасида ҳам намойиш этилади.

Android Wear 2.0 дастурида циферблатларни созлаш имкони пайдо бўлган. Унинг воситасида керакли функцияларни асосий ойнага чиқариш мумкин бўлади. Бундан ташқари, тизим циферблатларни тезда алмаштириш имконини беради. Google Fit иловасида ҳарорат, масофа, сарфланган калория ҳамда соатда пульс ўлчагич бўлса, пиёда юриш, югуриш ёки велосипедда сайр қилиш чоғида пульсни назорат қилиш мумкин. Шу қаторда ўтириб-туриш, гантел ва штангани такрорий кўтаришлар сонини санашларни ҳам илованинг ўзи бажаради. Android Wear 2.0 дастурида иловани бевосита соатнинг ўзига юклаш имкони мавжуд. Шу билан улар телефонсиз ҳам ишлаши мумкин, яъни соатда мобил модул бўлса кифоя, бевосита соатнинг ўзидан ҳам қўнғироқ қилса бўлади. Фойдаланувчилар соат экранидаги клавиатура ёрдамида матнли хабарларга жавоб бера олишади. Google, шунингдек, Google Assistant овозли ёрдамчини ҳам киритган.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид