Аввал хабар берилганидек, Kun.uz таҳририяти жамоаси Андижон вилоятига ижодий сафар қилди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, вилоятларга бориб, аҳоли билан яқиндан суҳбатлашиш, эришилган ютуқларни эътироф этиш ва мавжуд камчиликларни имкон қадар бартараф қилишни қўллаб-қувватловчи ушбу лойиҳа ғояси давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши туфайли пайдо бўлди. Бу йўлда ташланган илк қадам Андижон вилоятига уюштирилди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов сайт вакилларини қабул қилди. У билан суҳбатда вилоятнинг табиий газ ва электр таъминоти, тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг қондирилаётгани, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар билан аҳолини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва бошқа турли мавзуларда саволлар берилди.

Tas-Ix`да кўриш

Ислоҳотларнинг янги даврида ҳокимлардан нима талаб этилади?

2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб номланиши мен каби раҳбарлар учун янги эшикларни очди, десам муболағага йўл қўймаган бўламан. Олдин ҳам ишлаганмиз, аммо президентимиз ҳозир таъкидлаётганидек - халқ билан елкадош, ҳамнафас бўлиб ишлаш, бир ойда бир марта эмас, керак бўлса, ҳар куни одамларни қабул қилиш каби ишлар ўзига яраша жавобгарлик, ўзига яраша масъулият юклайди. Дардни эшитиш мумкин, аммо муаммонинг ечимини топиш бугунги кун раҳбаридан жуда катта изланишни, жуда катта ташаббусни талаб этади. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, президентимиз халқ ҳаётини жуда яхши билганликлари учун қонунларни ҳам шунга монанд чиқараяптиларки, бу унинг ижросини таъминлашни осонлаштиради. 

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги камчиликлар ва амалга оширилаётган ишлар

Қишлоқ хўжалик соҳасига икки оғиз гап билан баҳо бериб бўлмайди. Бу кенг қиррали соҳадир. Шуни таъкидлаш жоизки, ғаллачилик ва пахтачилик борасида Андижон мактаби яратилган. Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, вилоят аҳолиси ҳар йили ўртача 52-53 минг кишига кўпаймоқда. Бу битта туман аҳолисига тенг дегани. Шу сабаб вилоятда томорқачилик, ундан фойдаланиш маданиятини йўлга қўйиш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Ҳаракатларимизни шу даражага етказишимиз зарурки, томорқадан бир йилда бир марта эмас, балки уч марталаб ҳосил олишни йўлга қўйиш лозим. Чунки вилоятда шундай ҳовлилар борки, улар ўзларининг 6 сотихли еридан бир йилда уч марта ҳосил олиб, ҳажга бориб келишяпти, бошқалари уй солишяпти, бировлари эса машина оляпти. Муҳтарам президентимизнинг кўрсатмаси асосида Андижонга янги тизим кириб келяптики, бу вилоят аҳолиси орасида сенсация бўлади. Яъни, ҳар бир хонадонда, 2-3 сотих майдонда лимонарияни ташкил этишни йўлга қўйиш.