Инсон Аллоҳга маҳбуб банда бўлиш йўлида сиҳат-саломатлигига катта аҳамият бериши ва саломатлигини барча зарарли нарсалардан, хусусан кашандалик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан, том маънода, инсон ҳаёти учун бало бўлган бу ишлардан  ўзини сақламоғи вожибдир. Барчамизга маълумки, Ислом дини инсоннинг беш нарсасини ўз ҳимоясига олган. Бу беш нарса – инсоннинг жони, моли, обрўси, дини ва ақли бўлиб, булар аслида инсон учун ато қилинган улуғ неъматлардир. Инсон ўзидаги ва ҳатто ўзгалардаги мазкур нарсаларни муҳофаза қилиши, Аллоҳга маҳбуб банда бўлишига далилдир. Қасддан ёки бепарволик билан буларнинг бирортасига тажовуз  қилиш инсоннинг бутун борлиғига тажовуз қилишга тенглаштирилган. Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

ولا تقتلوا أنفسكم إن الله كان بكم رحيما

Яъни “Ўзларингизни ўлдирмангиз! албаттта Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” дейди.

Аср вабоси деб ном олган ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик, яъни наркотик моддаларни истеъмол қилиш, ўзини  том маънода ҳалокатга улоқтириш экани ҳеч кимга сир эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадиси шарифларида:

اجتنبوا الخمر فإنها مفتاح كل شر

 “Хамрдан сақланинглар, чунки у барча ёмонликларнинг калитидир”, - деганлар. Ҳадисдаги хамрдан мурод  инсоннинг ақлини оладиган барча нарсалардир. У хоҳ қуруқ шаклда бўлсин, хоҳ ҳўл, яъни ичимлик  шаклида бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Дарҳақиқат гиёҳванд моддаларни  ва маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилган  кишининг, аввало ақлининг бир қисми кетади ва  натижада, ундан ҳаё кетади, ҳаё кетадиган бўлса, барча ёмонликларга кенг йўл очилади. Бугун  ҳаётимизда, жамиятимизда содир бўлаётган жиноятларнинг аксари гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик ортидан содир бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга бу иллатларнинг истеъмолини буткул ҳаром қилди.

Моъида сурасида:

ياأيها الذين آمنوا إنما الخمر والميسر والأنصاب والأزلام رجس من عمل الشيطان فاجتنبوه لعلكم تفلحون

إنما يريد الشيطان أن يوقع بينكم العداوة والبغضاء في الخمر والميسر ويصدكم عن ذكر الله وعن الصلاة فهل أنتم منتهون

“Эй иймон келтирганлар! Албатта хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар шайтоннинг ишидан бўлган ифлосликдир. Бас, ундан сақланингиз, шоядки, нажот топсангиз. Албатта шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!”