Муаммони бартараф этиш учун унинг асл моҳияти тушунилиб, туб илдизига етиб борилмаса, барча уринишлар бефойда кетади. Ўзбекистон “Кўзи ожизлар” жамияти Фарғона вилоят бўлимининг иш фаолиятида сўнгги йилларда юзага келаётган молиявий муаммолар ҳам бефойда уринишлар сабаб ҳамон ҳал этилмасдан қолмоқда. Таҳририятимизга келиб тушган мурожаатда бу ҳақда сўз боради. 

Ўзбекистон “Кўзи ожизлар” жамияти қарийб 85 йилдан буён мамлакатда истиқомат қилувчи барча кўзи ожиз ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида тузилган ягона жамоат бирлашмаси ҳисобланади. Хусусан, жамиятнинг Фарғона вилоят бўлими ҳам шу кунга қадар самарали фаолият юритиб келмоқда. Аммо сўнгги йилларда бир қатор молиявий муаммолар юзага келган. Маълумотларга кўра, жамият ташкил этилганидан буён ҳеч вақт вилоят ҳокимлигининг эътиборидан четда қолиб кетмаган. Жумладан, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилидан бошлаб чорак аср мобайнида Ўз КОЖ Фарғона вилоят бўлимининг 9 та штат бирлигини сақлаш мақсадида иш ҳақи ва бошқа харажатлар учун вилоят ҳокимларининг фармойишлари билан вилоят бюджетининг захира жамғармасидан тегишли пул маблағлари ажратилган. 

2016 йил январь ойидан бошлаб эса бундай молиявий ёрдам вилоят Молия бошқармаси бошлиғининг эътирозига кўра тўхтаб қолган. Республиканинг айрим вилоятларида ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Бу масалада вилоят ҳокимига бир неча бор ёзма равишда мурожаат қилиб ижобий натижага эриша олмаган жамият раҳбари юридик шахс сифатида ҳокимнинг қабулига кириш ва вазиятни тушунтириш учун 2016 йил мобайнида 5-6 марта Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали қабулига ёзилади. Бу ҳам натижа бермагач, вилоят ҳокимлигининг қабулхонасига бориб у ердаги ходимларга ҳам ҳоким билан учрашиши зарурлигини тушунтиради. Лекин у ердаги ходимлар вилоят ҳокимининг шахсий қабули йўқлиги, фақат жойлардаги сайёр қабуллар эълон қилинганида учрашиш мумкинлигини айтишади. Сўнгги ойларда вилоят ҳокими жойларда сайёр қабулларни ташкил этиб, фуқаролар билан учрашмоқда. Бироқ 7000 дан зиёд кўзи ожиз ногироннинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган Жамият раиси вилоят ҳокимининг шахсий қабулига кира олмаслиги ачинарли ҳолат эмасми?