Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг "2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Қарор матни ЎзА томонидан келтирилган.
Азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланиб қолди.
Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини инобатга олиб ҳамда бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида:
1. 2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
2. Тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:
Наврўз кунларида инсоннинг табиат билан узвийлигини, ўзини унинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қиладиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
- барча шаҳар ва қишлоқларда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одатлар, анъаналар ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;
- Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш;
















