Қабул қилинаётган янги қарор ва фармонлар, режалаштирилаётган мақсадлар Ўзбекистоннинг қатор соҳаларида ислоҳотлар олиб бориш зарурлигини кўрсатмоқда. Жумладан, Олий таълим тизимида ҳам. Сабаби айнан унинг сифати келажакда иқтисодиёт ёки қонунчиликда амалга оширилган ишларнинг самарали бўлишига таъсир кўрсатмай қолмайди. 

Чет эл университетларида, асосан, илғор ғарб мамлакатларида, мажбурий давомат тушунчаси деярли йўқ, шунга қарамай дарсхоналари доим тўла. Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин-ки, АҚШ олий таълим муассасида талабалар “нб” олишдан қўрқиб эмас, балки ўзларидаги шу фанга нисбатан қизиқиш ва билим олиш истаги борлиги учунгина дарсга боришади. Бу истакларнинг пайдо бўлишига бир қатор сабаблар бор. 

Биринчидан, улар университетда ўрганмоқчи бўлган фанларни, ҳозирги бозордаги талаб ва шахсий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган рўйхатдан ўзлари танлайдилар. Масалан, айнан молия соҳасида иш юритмоқчи бўлган иқтисодчи фонд бозори ёки банк тизимига алоқадор фанларни танлаб, уларни чуқурроқ ўрганади. 

Иккинчидан, дарс жараёнининг ўзи талабалар учун жуда қизиқарли. Бир ярим соат қуруқ лекцияни эшитиб ва ҳеч нимани тушунмагандан кўра, бир соат ўқитувчи билан суҳбат қуриб (айнан суҳбат қуриб) талаба кўпроқ маълумот олади. Бу ерда яна ғарб олий таълим муассасаларини мисол келтириш ўринли, деб ҳисоблайман. У ерда шундай ўқитувчилар бор-ки, уларнинг фикрига осонликча қўшилган талабаларни хушламайдилар ва ДОИМО талабадан танқидий фикрлашни кутадилар. Чунки фақат мавзуни тушунган одамгина жўяли танқид билдириши мумкин. Исбот сифатида, дунёнинг энг машҳур ва бой инвесторларидан бири Уоррен Баффетнинг талабалик йилларига назар солайлик. У Колумбия Бизнес Мактабига ўқишга кириб, ўша замоннинг энг кучли иқтисодчиси ва инвестори Бен Грэҳем (машҳур "The Intelligent Investor" китоби муаллифи) маърузаларида қатнашиб, унинг назарияларини танқид остига олади ва ўз нуқтаи назарини билдиради. Энг қизиғи ушбу дарсдан Уоррен Баффет гуруҳдаги ягона юқори баҳони қўлга киритади. 

Учинчидан, берилаётган билимнинг актуаллик даражаси талабанинг ўқишга нисбатан қизиқишида муҳим роль ўйнайди. Баъзида ўзимизнинг университет дарсликларида Microsoft Office 2003 дастурини ёки Windows XP операцион тизимни ўрганиш учун ажратилган соатларни кўриб, ҳайрон қоламан. Ахир ҳозир уларни ҳеч ким ишлатмайдику, уларни ўргангандан не наф?