Данғаралик Маҳмудхўжа ака турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, қўрасидаги қўйлардан иккитасини бозорда сотадиган бўлди. Шу мақсадда кечаси иккиларда қўйларини етаклаб, Поп туманидаги мол бозорига йўл олди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Маҳмудхўжа ака тунги учларда кириб келганида бозор авжида эди. Бир-икки сўраб келувчилардан кейин қўйларга икки ёш йигит харидор бўлди.

-  Қанча сўраяпсиз, амаки? – деди улардан бири.

-  Беш юз мингдан деяпмиз, сўрайверасиз-да, ўғлим.

-  Амаки, дангалини айтаман, икковига 700 минг бераман, - йигит шундай деганча Маҳмудхўжа аканинг қўлини сиқиб силтай бошлади. – Барака топайинми?

-  Йўқ, бўлмайди.

-  Ҳа, денг, амаки, барака топай...

Бироз ўтгач, 800 минг сўмга савдолашилди. Йигитлар келишилган суммани тахи бузилмаган 5000 сўмлик купюраларда бериб, қўйларни етаклаганча кетишди. Маҳмудхўжа ака эса пулларни йирик купюрада олганига хурсанд бўлиб, бозор-ўчар қилишга киришди. Лекин биринчи дўкондаёқ унинг хурсандчилигидан асар ҳам қолмади. Сотувчи у берган пулларни бир-икки айлантириб кўриб, ўзига қайтариб берди:

-  Амаки, пулларингиз қалбаки-ку!

-  Нега қалбаки бўлади? Ҳозиргина сотган қўйларимнинг пуллари бу.

-  Унда сизни чув туширишибди. Қаранг, ҳаммасининг рақами бир хил.

Маҳмудхўжа ака пулларни олганча тезда мол бозорига югурди. Бироз олдин сотган қўйлари ва уларни сотиб олган йигитларни излади, лекин...

Ярим тун. Ширин уйқуда ётган Анвар илкис уйғониб кетди. Бошини кўтариб, сукунатга қулоқ тутди. Ташқаридан кимнингдир овози эшитилди. Елкасига чопонини ташлаб эшикка чиққанида ёнилғи идиш кўтарган бир йигит турарди.

-  Ассалому алайкум, ака! Кечирасиз, кеч бўлганда безовта қилдик, - йигит шундай деганча мулозамат қилди.

-  Ҳечқиси йўқ.

-  Ака, ташқарига осиб қўйилган баклажкани кўриб, шу ерда бензин сотилса керак, деб тўхтагандик.

-  Ҳа, бензин бор. Қанча оласиз.

-  20 литрча керак эди.