Жамият | 18:24 / 13.03.2017
171963
2 дақиқада ўқилади

14 ёшли болаларнинг турмуш қургани кўрсатилган сурат шов-шув келтириб чиқарди

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида турмуш қурган ўсмирларнинг сурати тарқалиб кетди. Шу билан бирга Мангистау вилоятининг адлия бошқармаси ва вилоят масжиди никоҳ ҳақидаги маълумотни рад этмоқда.

Сурат остида шундай изоҳ қолдирилган: «Актауда 2003 йил туғилган болалар турмуш қурди». Бу маълумот Мангистау вилоятининг биронта ваколатли органлари томонидан тасдиқланмади. 

"Фақат истисно ҳоллардагина 16 ёшда никоҳни рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади. Фақатгина ота-оналар розилиги ёки васийлик органлари гувоҳлигида. Ўн тўрт ёшли болалар никоҳини ҳар қандай шароитга қарамай рўйхатдан ўтказиш учун бизнинг ҳеч қандай ҳуқуқимиз йўқ. 

Мен ижтимоий тармоқларда вояга етмаган болаларнинг гўёки турмуш қургани тасвирланган суратни кўрдим, бироқ бизнинг баёнотда бу ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу никоҳ Мангистау вилоятининг адлия бошқармасида қайд этилмаган", - деб хабар берган вилоятнинг Адлия бошқармаси фуқароларни рўйхатга олиш бўлими бошлиғи Лаззат Ахмедова.

Мангистау вилоятининг бош имоми Смаил Сейтбековнинг қайд этишича, у ҳам суратни кўрган, бироқ унинг сўзларига кўра, куёв 14 ёшда эмас, тахминан 20 ёшда.  

"Қонунга мувофиқ, биз фақатгина ФҲДЁ рўйхатидан ўтганларгагина никоҳни жорий қиламиз, бунда ёшларнинг ёши 16дан кам бўлмаслиги керак. Шу сабабли, аниқ айта оламанки, масжидда ҳам бу тариқа ҳеч кимга никоҳ ўқитилмади.  

Бу жуфтлик ҳақида биладиган ягона ҳақиқатим шуки, куёвнинг ёши 20 атрофида. Бу ҳақида менга бир одам хабар берди", - деган имом.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса суратдаги йигит 1995 йилда, келин эса 1996 йилда туғилгани ҳақида ёзмоқда.

Мавзуга оид