Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 март куни Президент Девони фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини кўзда тутган фармонни имзолади.

Президент Девони Президентнинг ахборот-таҳлил ва ташкилий-назорат органи ҳисобланади. Мазкур орган давлат раҳбари томонидан шакллантирилади ҳамда бевосита унга бўйсиниб, Президентга ҳисобот беради.

Қуйидагилар Президент Девонининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Президентнинг конституциявий ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;
аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Президентга мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;
Президент томонидан кадрларга оид давлат сиёсатини, шунингдек давлат мукофотлари ва геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш;
давлатнинг ички ва ташқи сиёсати асосий йўналишларини шакллантириш, Ўзбекистон суверенитетини муҳофаза қилиш, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
олий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлашда кўмаклашиш;
мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлашда кўмаклашиш;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, уларга ўз уставларида белгиланган мақсад ва вазифаларини амалга оширишларига тенг имкониятлар ва шароитлар яратилиши кафолатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан уларнинг демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришдаги ролини ошириш борасида самарали ҳамкорлик қилиш;
давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ҳолати ҳамда тенденциясини таҳлил қилиш, унинг натижалари бўйича самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини ўтказиш, илм-фанни, маданиятни, таълимни, соғлиқни сақлашни, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тузилмаларнинг, шунингдек унинг ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи маслаҳат ва кенгаш органларининг фаолиятини ташкил этиш;
Президент фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ҳамда протокол жиҳатидан таъминлаш;
Президент ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этиш ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш.