Австралияга парвоз қилаётган самолётда йўловчи аёлнинг қулоқчинлари портлаб кетди
Самолётда қулоқчинлари портлаб кетган аёл юз ва қўл соҳаларининг куйишидан жабрланди. Бу ҳақида 15 март, чоршанба куни Австралия расмийлари хабарига асосланиб, Gulf News маълум қилди.
19 февраль куни Пекиндан Мельбурнга парвоз қилаётган йўловчи аёлнинг кўзлари уйқуга илинган бир пайтда у ўз қулоқчинларида мусиқа тинглаётган бўлган. Кутилмаганда баланд портлаш товуши эштилган.
"Мен атрофга қарамоқчи бўлган эдим, юзим куйганини ҳис қилдим", - деди у воқеани ўрганаётган Австралия транспорт хавфсизлиги бюроси (ATSB)да.
Аёл қулоқчинлари ёнаётганини англаб етганидан сўнг уларни полга ташлаб юборган.
"Қулоқчинлар учқунлаб, бироз олов ҳам чиқараётганди", - дейди у.
Борт кузатувчилари ёрдамга шошиб, қулоқчинлар устидан бир челак сув ағдаришган, бироқ батарея ва унинг қопқоғи эриб, полга ёпишиб қолган.
Суратларда исми ошкор қилинмаган аёлнинг юз, бўйин ҳамда қўл соҳалари куйганини кўриш мумкин.
Йўловчилар парвознинг қолган қисмида эриган пластик, куйган электроника ва сочлар ҳидидан "бахраманд бўлиш"ларига тўғри келди.
"Одамлар манзилга етиб келгунча йўталиб, нафаслари сиқиб келишди", - деди аёл.
Транспорт хавфсизлик бўлими қурилмадаги литий-ион батареяларининг ёнганини тахмин қилди.
"Батареяли қурилмалар ассортименти ошгани сайин парвоз вақтида юзага келадиган муаммолар сони ошиб бормоқда", - деди у ва бундай қурилмаларни парвоз вақтида хавфсиз жойда сақлаш кераклигини қўшимча қилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили кўплаб авиакомпаниялар литий-ион батареяларининг портлаши билан боғлиқ хабарлардан кейин Samsung Galaxy Note 7 смартфонларини тақиқлашган эди.