Англия чемпионатининг 29-турида яна 5 учрашув ўтказилди.
«Лестер» Раньери кетишидан кейинги тўртинчи учрашувда ҳам ғалаба қозонди, «Челси» «Сток Сити»га қарши ўйин охирида ғалабани илиб кетди, «Эвертон» эса ўз учрашувида йирик ҳисобда ғалаба қозониб, «МЮ»нинг ўрнини «тортиб олди».
«Лестер» тур доирасидаги учрашувини Лондоннинг «Вест Ҳэм» жамоасига қарши ўтказди ва 3:2 ҳисобидаги ғалабага эришди. Меҳмонларнинг голлари Риёз Маҳрез, Роберт Ҳут ва Жейми Варди томонидан урилди, мезбонларнинг жавоб голларига Лансини ва Андре Айю муаллифлик қилди.
Шу тариқа Клаудио Раньери истеъфога чиқарилгач ўтказилган тўртинчи учрашувида ҳам «Лестер» ғалаба қозонмоқда. Бунгача АПЛ доирасида Крейг Шекспир бош мураббийлигида «Ливерпуль» ва «Ҳалл» 3:1 ҳисобларида, ЕЧЛ доирасида эса «Севилья» 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратилганди.
«Лестер» бу ғалабадан кейин очколари сонини 30тага етказиб, хавфли ҳудуддан янада узоқлашди. «Вест Ҳэм» 33 очкоси билан 11-ўринда қолди.
«Челси» «Сток Сити» майдонига сафар қилиб, 87-дақиқада урилган гол эвазига ғалаба қозонди. Меҳмонлар сафида голларга Виллиан ва Гари Кэйҳилл муаллифлик қилди, ғалаба голи 87-дақиқада урилган. «Сток Сити»нинг голи Жонатан Уолтерс томонидан пенальти орқали урилганди.
Эндиликда «Челси» очколари сонини 69тага етказган ҳолда турнир жадвалида пешқадамликни давом эттирди, «Сток Сити» 36 очкоси билан тўққизинчи поғонада қолмоқда.
Кучли тўртликка кириш учун кураш олиб бораётган «Эвертон» «Ҳалл»га ҳеч қандай имкон қолдирмади. Аввалига Кэлверт-Льюин ва Валенсиянинг голлари эвазига ўйин тақдирини амалда ҳал қилган мезбонлар ўйин охирида жамоа ва лига тўпурари Лукакунинг 2 голи эвазига 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эндиликда Куман шогирдлари очколари сонини 50тага етказди ва «МЮ»ни қувиб ўтиб, олтинчи ўринга жойлашди.
Турнинг яна икки учрашувида «Кристал Пэлас» «Уотфорд»ни мағлуб этди (1:0), «Сандерленд» ва «Бёрнли» учрашувида ҳисоб очилмади (0:0).
Англия чемпионати
29-тур
Вест Ҳэм – Лестер 2:3
Голлар: 0:1 – 5 Маҳрез, 0:2 – 7 Ҳут, 1:2 – 20 Лансини, 1:3 – 38 Варди, 2:3 – 63 Айю.
Вест Ҳэм – Рэндолф, Фонте, Крессуэлл, Байрэм, Рид (Снодграсс, 18), Куяте, Обианг, Лансини, Антонио, Айю, Кэрролл.















