Россиялик сиёсатчи, жамоат арбоби, блогер ва юрист, "Коррупцияга қарши курашиш фонди" асосчиси Алексей Навальний чорловларига биноан Россиянинг кўплаб шаҳарларида коррупцияга қарши митинглар бўлиб ўтмоқда.
Илгарироқ Навальний Россия Федерацияси бош вазири Дмитрий Медведев томонидан катта миқдорда пуллар ўзлаштирилганлиги ҳақида "У сизга Димон эмас" ("Он вам не Димон") ҳужжатли фильмини интернет-сайтлар орқали намойиш қилган эди. Бугунги кунга келиб, ушбу фильм 15 миллион марта томоша қилинган. Фильмга кўра Д.Медведев 70 миллиард рублдан ортиқ пулни ўз дўстлари ва яқинларига тегишли турли фондлар орқали ўзлаштирган, Россиянинг турли шаҳарларида қасрлар қурган, қимматбаҳо яхталар сотиб олган, шунингдек, Россия ва Италияда гектарлаб шароб навли узумзорларга эгалик қилади.
«У сизга шунчаки Димон эмас». Медведевнинг «махфий империя»си фош этилди

Қайд этиш жоизки, Россия Федерацияси бош прокуратураси, Тергов қўмитаси, ҳукумат ҳам, давлат раҳбарияти ҳам ушбу фильмга ўз муносабатларини билдиришмади. Фақатгина президент ва бош вазирнинг матбуот котиблари "судланган шахснинг ўринсиз бақир-чақирлари" деган баҳони беришди.
Мамлакат раҳбарияти томонидан бирор реакция бўлмагач, мухолифатдаги "Тараққиёт партияси" марказий кенгаши бошқарувчиси ҳисобланувчи Алексей Навальний ўз тарафдорларини 26 март куни Россия шаҳарлари бўйлаб коррупцияга қарши тинч намойишга чиқишга чорлаган эди.
Бугунги митингларда иштирок этиш учун аввалроқ Россиянинг 100 га яқин шаҳарлари маъмуриятига сўровлар жўнатилган, аксарият шаҳарларда мухолифат митингига рад жавоби берилган. Россия қонунчилигига кўра, тинч намойишга асоссиз рад жавоби бериш мумкин эмас ва 3 кунлик муддат ичида митинг ўтказилиши учун бошқа жой тавсия этилиши лозим. Жуда кўп шаҳарларда, жумладан пойтахт — Москвада 3 кунлик муддат талаби бажарилмаган ва Россия Федерацияси конституцион суди қарорига кўра митинг автоматик мувофиқлаштирилган ҳисобланади.

Шу сабабли Навальний тарафдорлари ўз сўровида кўрсатилган ҳуддуд — пойтахтнинг Тверь кўчаси бўйлаб тинч намойишга чиқишди. Бу вазиятда намойишга тўсқинлик қилиш учун ички ишлар вазирлиги томонидан кўча ёпилмади, кўча пиёдалар йўлаги қисмидан қатнов қисмига чиқиб кетган намойишчилар ҳибсга олина бошланди. Алексей Навальний ҳам Тверь кўчаси ва Мамонов торкўчаси чорраҳасини кесиб ўтиш вақтида қўлга олинди.


















