Ўзбекистон истиқлолга эришгач, иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳам тўла мустақилликка эришди. Жумладан, электр энергияси соҳасида ҳам кейинги йилларда жуда катта лойиҳалар амалга оширилаётгани сир эмас. Аммо тан олиб айтиш лозимки, республика аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш борасида айрим муаммоларга дуч келинмоқда. Бу ҳолат, айниқса, куз-қиш мавсумида кўзга яққол ташланади. Мана шу муаммоларнинг ҳал этилиши, истиқболдаги режалар бугун фуқароларни жуда қизиқтирмоқда. Буни таҳририятимизга йўлланилаётган мурожаатларда ҳам кўриш мумкин.
Ана шу мақсадда “Ўзбекэнерго”га таҳририятга келиб тушган мурожаатларни умумийлаштириб, саволлар йўллаганди. Ташкилот мутахассислари саволларга имкон қадар жавоб берган.
1. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жорий йилнинг март ойидан бошлаб электр энергиясида узилиш ҳолатлари кўпайган. Келиб тушаётган мурожаатларга кўра, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарёдаги туманларда мазкур ҳолат тез-тез кузатилмоқда. Бунга нима сабаб бўляпти?
Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан Андижон туман истеъмолчиларини мустаҳкам электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, 2017/2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланган. Шу сабаб 105,3 км узунликдаги 0,4-6-10 кВли ҳаво электр узатиш тармоғи, 46 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирланиши ҳамда 470,4 км узунликдаги 0,4-6-10 кВли ҳаво электр узатиш тармоғи, 198 дона трансформатор пунктлари таъмирланиб, реконструкция қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, электр ускунарини режавий ва навбатдан ташқари кўрикдан ўтказиш ҳамда қарздор истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш каби ишлар амалга оширилаётган вақтларда ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қисқа муддатли узилишлар юзага келиши мумкин.
2. Фуқароларга маълум бўлиши учун ҳар бир ҳудуд бўйича электр энергиясидаги узилишлар вақти инфографика тарзда эълон қилинса бўлмайдими? Ёки узилишлар вақти ўзгарувчан бўлиб, бунинг сабаби бошқа омилларга бориб тақаладими?
Бугунги кунда истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан хоналарни иситиш, овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун фойдаланишлари натижасида электр энергия истеъмоли кескин ортиб кетиши ва электр қурилмаларини ишдан чиқишига олиб келмоқда. Ушбу узилишларни вақти ўзгарувчан бўлиб, яъни авария ҳолатларига олиб келмаслигининг олдини олиш мақсадида, электр таъминоти корхонаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари билан келишилган “чеклов жадвали” ишлаб чиқилади.
3. Жойларда электр энергиясидан қарзи бор хонадонларнинг электр узатиш симлари электр корхоналари ходимлари томонидан узиб кетилмоқда. Бу қонуний томондан қанчалик тўғри? Хонадоннинг электр энергиясидан қарзи борлиги туфайли уни электр энергиясидан маҳрум қилиш, яъни таъминот кабелларини узиб ташлаш суднинг буйруғи асосида амалга оширилмайдими? Умуман олганда, фуқаро ўз қарзини тўлиқ қоплай олмаган тақдирда, ойма-ой бўлиб тўлашга ҳақлими?
















