Халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи Қашқадарё вилоятидаги Миришкор тарихий-этнографик музейи фаолиятини такомиллаштириш масаласини сессияга олиб чиқди.
Музейлар Ўзбекистон тарихига оид қадимги тош ёзувлару битиклар, нодир қўлёзмалар, ноёб ашёлар, осори-атиқаларни сақлаб келаётган маънавият масканларидир. Мамлакатда музейлар фондини бойитиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ёш авлодни ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонуни музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш, уларда сақланаётган ноёб экспонатларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этишда ҳуқуқий асос бўлмоқда. Маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари ҳам партия сайловолди платформаси ижросини таъминлаш йўлида музейлар фаолиятини такомиллаштириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мавжудларини таъмирлаш каби ишларга бевосита кўмаклашиб келмоқда.
Яқинда халқ депутатлари Миришкор туман Кенгаши сессиясида ЎзМТДП гуруҳи ташаббуси билан Миришкор тарихий-этнографик музейи фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи муҳокама этилди.
— Ушбу масалани сессияга олиб чиқишдан олдин чуқур ўргандик, партия гуруҳи йиғилишида обдон муҳокама қилдик, — дейди халқ депутатлари Миришкор туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Нодирбек Носиров. — Ўрганишлар жараёнида ҳудуддаги Миришкор тарихий-этнографик музейи узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолгани, кўплаб экспонатлар шикастлангани ва емирилгани аниқланди. Партия гуруҳи музей ташкилотчиси Омон Бурхонов 32 йил давомида тўплаган 700га яқин тарихий осори атиқа, ноёб буюмлар, қадимий қўлёзмаларни сақлаб қолиш, музей фаолиятини такомиллаштириш, уни келажак авлодга бус-бутун ҳолича етказиш ва тарғиб этишга кўмаклашиш зарурлиги ҳақида хулосага келди.
Дарҳақиқат, Миришкор тарихий-этнографик музейи туман ёшларини маданий, тарихий ва бадиий меросимиз, умумбашарий қадриятлар, ўтмиш, илм-фан ёдгорликлари, халқимизнинг турмуш тарзи ва анъаналари, санъат асарлари билан таништиришда ягона муассаса эканлиги билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Музейда турли даврларга оид ноёб топилма ва буюмлар тўпланган. Аждодларимиз бундан бир неча минг йиллар аввал кундалик ҳаётда ишлатган иш қуроллари, сопол, мис буюмлар, этник кийимлар, тангалар, қадимий қўлёзмалар, қоғоз пуллар, зеб-зийнату тақинчоқлар, чолғу асбоблари шулар жумласидан. Ушбу нодир экспонатлар ёшлар дунёқарашини янада кенгайтиришга, уларнинг ўтмиш тарихимиздан бохабар бўлишига, қолаверса, партия дастурий мақсадлари ижросига хизмат қилади.












