Эмре Сўяр, Робин Ҳогарт

Ҳар қандай одам вақти-вақти билан ҳаётда муваффақиятга эришган инсонларнинг сирлари ҳақида ўқиб туради. Бу — биров билан бўлишиш осон бўлган завқли мутолаа, бундай матнларнинг жуда кўплиги ҳам шу билан тушунтирилса керак. Бу каби мақолаларда бериладиган маслаҳатлар кўпинча жўялидек туюлади ҳам.

Бутунжаҳон иқтисодий форуми Business Insider билан биргаликда муваффақиятга эришган инсонлар нонуштагача амалга оширадиган 14 иш ҳақида эълон қилди. Бу рўйхатда сув ичиш, ўринни тартибга келтириш каби пунктлар ҳам бор. Forbes’да эълон қилинган рўйхат муаллифи ҳар қандай муваффақиятли инсон "қачон кетиш ва қачон қолиш кераклиги"ни биладиган сифатга эга эканлиги ҳақида ёзади. Entrepreneur эса ўз ўқувчиларига муаммоларни кўришдан воз кечиб, имкониятларни қидира бошлаш кераклигини уқтиради. Бу эса Inc. нашридан маслаҳат: атрофингиздагиларнинг маъқуллашини излаш ва ўз заиф томонларингизга диққат қилишни бас қилинг.

Бир қараганда кишини чоғланишга ундовчи бу матнлар замирида аслида хавф-хатар ётади. Қуйида бундай маслаҳатлар менежерлар ва ишбилармонлар учун нафақат бефойда, балким зарарли ҳам бўлиши ҳақида сўз юритамиз.

Маълумотлар тадқиқотларга асосланмаган, шунчаки турли инсонларнинг ҳаётидаги тасодифий эпизодларга қараб тузилган. Бу мақолалардан ўрин олган кўплаб маслаҳатлар тизимли илмий таҳлилга эмас, шахсий воқеаларнинг субъектив талқинига асосланган. Агар бирор киши бу маслаҳатлар ва рўйхатларни илмий услублар билан баҳоламаган экан, уларнинг фойдаси ҳақида гапириб бўлмайди. Боз устига, ҳаётдаги ҳодисаларни юзаки тушуниш — сабаб ва оқибат ўртасидаги чегараларни бузиб юборади.

Инсоннинг муваффақиятга эришганига сабаб унинг иш юзасидан учрашувларига бормаганими ёки у айнан муваффақиятга эришгани учун учрашувларга бормайдими? Гўёки барча муваффақиятли инсонларга тааллуқли бир талай одатлар (уларни эса ўз навбатида бошқалар нима деб ўйлаши қизиқтирмайди, учрашувларга боришмайди, асосий нарсани иккинчи даражалисидан ажрата олишади ва умуман, доимо "йўқ" дея олишади), эҳтимол, фавқулодда муваффақият қозонган инсонлар учун зийнат ҳисобланар, лекин шу ҳолда ҳам улар эътирофга сазовор бўлиб улгуришган бўлади. Демак, бу одатларнинг айримлари муваффақиятнинг натижаси, асло унинг сабаби эмас.

Тадқиқотлар натижаларини ҳар доим ҳам бошқа контекстга менгзаш ярамайди.