01:12 / 01.04.2017
18177

Британиянинг энг серфарзанд оиласида 20-фарзанд дунёга келиши кутилмоқда

Буюк Британиянинг Хейшем шаҳрида яшовчи жуфтлик фейсбукдаги саҳифасида 20-фарзандлари дунёга келишини маълум қилди. ОАВда бу жуфтлик оиласи "Буюк Британиядаги энг катта оила" деб эътироф этилади.

46 ёшли Ноэль ва 41 ёшли Сью Рэдфорд оилаларидаги ўғил ва қиз фарзандлар сони ёзилган суратни чоп этиб, сўнгра сентябрда яна бир фарзандли бўлишларини маълум қилишган. Улар бунинг исботи сифатида ҳомиланинг ультратовуш тадқиқотда (УЗТ) олинган суратини илова қилишган. 

Суратда жуфтлик 10 нафар ўғил ва 9 нафар қиз фарзандга эгалиги ёзиб қўйилган.

29 март куни чоп этилган хабар 32 мингдан кўпроқ "лайк" ва ўнлаб табрик билдирилган изоҳлар тўплаган. Ушбу оиланинг саҳифаси янгиланиб боришини 250 мингга яқин одам кузатиб боради. Жуфтлик Instagram’да ҳам саҳифага эга. Унга 20 мингдан кўпроқ фойдаланувчи обуна бўлган.

Серфарзанд аёл тўнғич фарзандига 14 ёшида ҳомиладор бўлган. Ўшанда ўзи ҳали бола бўлган Сью ва Ноэль ўзлари бир вақтлар бировлар қўлига боқишга берилганларидан келиб чиқиб, болани ўзларида қолдиришга қарор қилишган. Таъкидланишича, оила Ноэль эгалик қиладиган нонвойхонадан тушадиган даромадга кун кечиради. Улар ҳар ҳафта озиқ-овқат учун 300 фунт стерлинг (400 доллар) сарфлайдилар.

Ҳозирда жуфтликнинг тўнғич фарзанди 27 ёшда. Уларнинг кенжатой фарзандлари 2016 йил июлда дунёга келган. 

 

Top