Мамлакатни ривожлантиришнинг муҳим ижтимоий устувор вазифалари сифатида аҳолига онкологик ёрдам бериш соҳасини такомиллаштириш ва модернизация қилиш соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Мақсадли давлат дастурларини амалга ошириш доирасида республикада соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражаларини қамраб олувчи, Республика онкология илмий марказидан, 15 та вилоят ва шаҳар онкология диспансеридан, туманлар ва шаҳарларнинг марказий кўп тармоқли поликлиникалари ҳузуридаги 232 та онколог хоналаридан иборат бўлган онкологик ёрдам беришнинг ягона вертикал интеграциялаштирилган хизмати ташкил этилди. Онкология муассасаларини юқори технологик тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш ва мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳисобига онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий стандартлари тиббиёт амалиётига жорий этилди.
Шу билан бирга, республикада, бутун жаҳонда бўлгани сингари, ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ошиши ва аҳолининг узоқ умр кўриши билан боғлиқ бўлган онкологик касалликлар ўсиши қайд этилмоқда. Тиббиёт фанини ривожлантиришнинг замонавий босқичи саратон касалликларининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштиришга ва республика аҳолисига онкологик ёрдам бериш сифатини жаҳон стандартлари даражасигача оширишга йўналтирилган устувор вазифалар ҳал этилишини талаб этади.
Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори саратон касалликларига қарши курашнинг янги босқичини бошлаб беради, энг аввало аҳолининг даволашнинг юқори технологик усулларига бўлган эҳтиёжларини қоплашга, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг замонавий тизимини яратишга йўналтирилган.
Қарорда асосий мақсади онкологик касалликлар туфайли ўлимни пасайтириш ҳисобига аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш ва умрни узайтириш ҳисобланган онкология хизматини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилган:
- аҳолини скрининг текширишларнинг самарали дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш йўли билан онкологик касалликларни илк босқичларда фаол аниқлашнинг замонавий усулларини жорий этиш;
- аҳолининг онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг жаҳон стандартлари даражасига мувофиқ бўлган замонавий юқори технологик усулларидан фойдаланишини яхшилаш;
- реабилитация ва паллиатив ёрдамнинг замонавий тизимини, шунингдек, хоспислар ташкил этиш йўли билан онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ҳаёти сифатини яхшилаш;














