Блогер ва журналист Беҳзод Қобуловнинг «Сабабларнинг сабаблари» мақоласида журналист ўқитувчини танқид нишонига айлантирганига эътибор қаратган. Мақолада ҳаракатлари танқид остига олинган, ўзини Санобар дея таништирган журналист сайт таҳририяти орқали муаллифга очиқ хат ёзди. Қуйида унинг муносабати келтирилади.
"Беҳзодбек, сиз қайси касб эгаси эканингизни билмадиму, аммо сайтдаги тумтароқ фикрларингизни ўқиб ажабландим. Доноларимиз "ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир" дейишган. Укам, ҳар қанча зўр бўлсангиз ҳам сал ўйлаб, мулоҳаза билан гапирсангиз бўларди. Майли, кўрсатув юзасидан фикрингиз бор экан, айтинг, лекин "гўл", "меров" каби ҳақоратли сўзлар ишлатманг. Бундай сўзларни ишлатиш қайси маданиятли, ўқимишли кишиларга хос. Ёки сизга шундай ҳуқуқ берилганми? Ўзаро ҳурмат, сизлаб гапириш қон-қонимизга сингиб кетган қадрият, инсоний фазилат эканини ўргатишмаганми? Боз устига танимаган, билмаган одамни ҳақорат қилиш, масаланинг туб моҳиятини билмасдан "ёқалашиш" менталитетимизга тўғри келадими?
Энди сиз бизни "қорага чиқарган" мавзуга келадиган бўлсак, муаллимнинг қадрини ва ҳурматини сиздан яхшироқ биламиз, яхшироқ англаймиз. Ўрни келганида уларни кўкларга кўтарамиз ҳам. Ҳа, фидойи ўқитувчилар ҳам кўп, аммо дарсни қўл учида, шунчаки ўтаётган, ўқувчи тақдирига бефарқлар ҳам йўқ эмас. Бозордаги ёки бошқа бирон корхонадаги эътиборсизликлар унчалик ташвишли эмасдир, аммо ўқитувчининг масъулиятсизлиги инсон тақдири билан боғлиқ. Муаллим болага бир, икки ёки уч кун билим бермасин, у аста-секин ялқов, дангаса, бефарқ бўлиб бораверади. Яқин-яқингача авария ҳолатидаги, том шувоқ қилинган хоналарда ўқитувчи ўқувчига жон-жаҳди билан билим берган. Ўқувчиси бир кун келмаса, уйигача излаб борган, қолоқ ўқувчини аълочига айлантириш учун дарсдан кейин қўшимча машғулот олиб борган. Қани ўша фидойи ўқитувчилар?
Бугун ўқитувчи меҳнати давлатимиз эътиборида. Ойлик маошлар ёмон эмас, қўшимча рағбатлар ҳам бор. Яна бир жиҳати ҳеч ким мажбурий равишда ўқитувчи қилиб қўйилмаган, қанча орзу-ҳаваслар билан ёшларга билим бериш учун бор кучимни сарфлайман деб шундай улуғ касбни танлашган. Шундай экан, бу шарафли касб эгаларини фақат меҳр-шафқатга муносиб кўрсатишга не ҳожат?! Камчилик бўлганидан кейин айтилади-да! Танқиддан тўғри хулоса чиқариш ҳам марднинг иши, уни тузатишга ҳаракат қилиш керак. Биз фидойи деб билган муаллим ўз номига муносиб бўлсин деймиз. Ахир бирники мингга дейишади.














