Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги қонунга 2017 йил 6 апрель куни имзо чекди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 17 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан эса 2017 йил 28 мартда маъқулланган  

Ушбу ўзгартишлар ва қўшимча Ўзбекистон Республикасида суд тизимини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, судьялар корпусини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида киритилмоқда. 

Унга кўра, 1-модда. 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилди:
 
 1) 80-модданинг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилади:
 
 «4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш»;
 
 2) 81-модданинг еттинчи қисмидаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар «Судьялар олий кенгаши» деган сўзлар билан алмаштирилди; 

3) 83-моддадаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар чиқариб ташланди; 

4) 93-модда биринчи қисмининг 13 ва 14-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилади: 

 «13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади; 

14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади; Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг аъзоларини қонунга мувофиқ тасдиқлайди»;