Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матнига шарҳ ЎзА томонидан келтирилган.

Ички ишлар органлари аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек бошқа ҳаётий муҳим вазифаларни амалга оширишда алоҳида ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида ички ишлар органларини жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айлантириш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. 

Ўтган давр мобайнида олиб борилган тизимли чора-тадбирлар якуни бўйича жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян натижаларга эришилди. Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий соҳаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга йўналтирилган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. 

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун даражасида белгилаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида ўтган йилнинг сентябрь ойида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 

Бироқ, мазкур Қонун талабларини амалиётга жорий этиш имкониятлари, шунингдек фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ички ишлар органлари фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш ва тубдан такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда. 

Миллий ва хорижий тажриба шуни кўрсатадики, жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишда техника воситаларидан фойдаланиш, ҳуқуқбузарликни содир этган шахс устидан назоратни кучайтириш каби анъанавий чора-тадбирлар жиноятчилик даражасини камайтиришда ҳар доим ҳам кутилган натижаларни бермаяпти. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги иш услубларини қўллаш, аҳоли ва жамоатчилик билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шунингдек замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лозимлигини кўрсатмоқда.