Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор чиқарди.  

Унга кўра, Республика аҳолисига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш, республика ихтисослаштирилган марказларининг вилоят ва туман даражаларидаги тиббиёт муассасалари билан касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш, Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларидаги ўзаро вертикал алоқасини мустаҳкамлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифларига розилик берилди:

Сурхондарё вилоят перинатал марказининг беморлар ўрни фондини 160 тагача кўпайтириш, уни Сурхондарё вилоятининг офтальмология шифохонаси бинолари ва иншоотларида жойлаштириш, шунингдек Денов, Шеробод, Шўрчи, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларида перинатал бўлимлар ташкил этиш;

Сурхондарё вилоят офтальмология шифохонасини Сурхондарё вилоят перинатал маркази бинолари ва иншоотларига жойлаштириш, унинг беморлар ўрни фондини 70 тагача қисқартириш йўли билан уни оптималлаштириш, шунингдек Денов туман тиббиёт бирлашмасида офтальмология бўлими ташкил этиш;

Сурхондарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази урология бўлимининг беморлар ўрни фондини 50 тагача кўпайтириш, шунингдек Денов туман тиббиёт бирлашмасида урология бўлими ташкил этиш.

Қуйидагилар Сурхондарё вилояти перинатал маркази, вилоят офтальмология шифохонаси ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази урология бўлимининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

вилоят ва яқин атрофдаги минтақалар аҳолисининг янада самарали ва юқори технологияли диагностика методларига, касалликларни илғор жаҳон ютуқлари даражасида даволаш ва профилактика қилишга бўлган эҳтиёжини таъминлаш;

тиббий техника ва аппаратларнинг мавжуд паркини доимий равишда янгилаб бориш ва модернизация қилишни таъминлаш, муассасаларни ихтисослаштирилган, юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини берадиган замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозлаш;

муассасаларнинг тиббиёт ходимлари касбий даражасини шу жумладан мутахассисларнинг етакчи хорижий тиббиёт ўқув муассасалари ва клиникаларида стажировкасини ташкил этиш ҳисобига доимий равишда ошириш ва такомиллаштириш;