Иқтисодиёт | 07:53 / 12.04.2017
8355
2 дақиқада ўқилади

United Airlines йўловчи билан боғлиқ можаро сабабли 800 млн доллар йўқотди

Фото: AP

United Airlines авиакомпаниясининг бозор қиймати унинг хавфсизлик ходимлари бир йўловчини самолётдан зўравонлик билан тушириб юборганлари билан боғлиқ можародан кейин 800 млн долларга камайиб кетди. Бу ҳақда Gizmodo нашри хабар бермоқда. 

Компаниянинг бозор қиймати 22,5 млрд доллардан 21,7 млрд долларгача тушиб кетган. 

Аввалроқ USA Today нашри United Airlines ходимлари ўзларига самолётда жой етмагани сабабли Чикаго-Луисвилл рейси йўловчисини куч қўллаб тушириб юборганлари ҳақида маълум қилганди. Аввал компания ўз мижозларига жойни бўшатиб беришлари учун 400 доллар, сўнгра 800 доллар таклиф қилган, бироқ ҳеч ким бунга рози бўлмаган.  

Ўшанда "ортиқча" йўловчи тасодифий танлаш йўли билан танлаб олинган. Танлаб олинган йўловчилардан бири, мижозлари ёнига кетаётган шифокор самолётни тарк этишдан бош тортганда, хавфсизлик ходимлари унга куч ишлатишган. Оқибатда эркак тан жароҳатлари олган, рейс эса 2 соатга ушлаб қолинган. Гувоҳлар томондан тасвирга олинган ушбу ҳолат видеоси интернетда жойлаштирилган. Кейинроқ авиакомпания раҳбари Оскар Мунос бўлиб ўтган ҳолат учун твиттерда узр сўраган ва авиакомпания вазиятни ўрганиб чиқишини ҳамда жабрланган эркак билан можарони босди-босди қилиш учун боғланганини маълум қилган.    

South China Morning Post нашрининг ёзишича, жабрланган йўловчи хитой миллатига мансуб 69 ёшли шахс бўлган. Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида бу воқеа 120 млн фойдаланувчининг ғазабини келтирган ва улар АҚШ авиакомпанияси хизматларига бойкот эълон қилишга чақиришган. Блогерлар айниқса кекса ёшли эркакка жароҳатлар етказилганидан аччиқланишган. Видеолардан бирида унинг юзи қонга беланганини ҳам кўриш мумкин. 

The Hill нашрининг ёзишича, АҚШ вакиллар палатасининг транспорт ва инфратузилма қўмитасининг юқори лавозимли мансабдор шахси Элеанор Холмс Нортон бу воқеани муҳокама қилишга чақирган.

Мавзуга оид