Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида шу йил 11 апрель куни кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари раҳбарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, мамлакатимиз шаҳар ва туманлари ҳокимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Селектор йиғилишида дастлаб ҳаётий муҳим масалалар бўйича фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ишларнинг аҳволи муҳокама қилинди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонаси ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлагани халқ манфаатларини таъминлаш, мамлакатни янгилаш ва демократлаштириш йўлидаги улкан амалий қадам бўлгани алоҳида таъкидланди.
Жорий йил бошидан буён Виртуал қабулхонага 315 мингта мурожаат келиб тушган. Жойлардаги Халқ қабулхоналарида 47 мингдан ортиқ фуқаро қабул қилинган ва уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилган.
Шу билан бирга, жойларда баъзи раҳбарларнинг аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани кўзга ташланмоқда. Шикоятларнинг 70 фоизи бевосита маҳаллий ҳокимлик ва идораларнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бўлса-да, афсуски, кўтарилаётган муаммолар жойида ҳал этилмасдан қолмоқда. Шунинг учун аҳоли ва юридик шахслар марказий идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Йиғилишда мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, Бош вазир А.Арипов, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергановга кўплаб мурожаатлар, айниқса, такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни бир ой муддатда ўрганиб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан комплекс таклифлар тайёрлаш вазифаси топширилди.
Селектор йиғилишида кун тартибидаги навбатдаги масала – мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Истиқлол йилларида озиқ-овқат хавфсизлиги ва мустақиллигини таъминлаш соҳасида улкан ишлар амалга оширилгани, йилдан-йилга халқимиз фаровонлиги ортиб, турмуш даражаси ва сифати юксалиб бораётгани қайд этилди.














