Машина ҳайдашни YouTube'да ўрганиб олган 8 ёшли бола ота-онаси автомобилини олиб қочиб кетди
АҚШнинг Оҳайо штатида саккиз ёшли бола ота-онасига тегишли машинани, улар ухлаб ётганида олиб қочиб кетди. Болакай машина ҳайдашни YouTube’даги видеодарслар ёрдамида ўрганиб олган. Бу ҳақда Fox8 канали маҳаллий полицияга асосан хабар бермоқда.
Ҳодиса 9 апрель, якшанба куни юз берган. Маълум бўлишича, болакай ота-онасига тегишли машинани олиб қочиб, «Макдоналдс»га йўл олган. Унинг саккиз ёшли синглиси эса юкхонада бўлган. Болакай тахминан уч километр масофани, тўртта чорраҳа, темир йўлидан ўтиш қисмини босиб ўтган ва бир неча бора бурилган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, у тезлик режимига риоя қилган ва йўл белгиларига эътибор берган.
Полицияга эса ўша гувоҳлардан бири хабар берган. «У ҳеч нимага шикаст етказмади. Бу ажойиб», - дея таъкидлаб ўтди полиция вакили.
Болакай кафе ойнаси яқинида тўхтаб, чизбургер, картошка фри ва наггетслар буюртма қилган. Буюртмага эса ўзи йиққан пуллар орқали тўловни амалга оширган.
“Ўйлашимча, рўй берган ҳолатдан яхшигина хулоса чиқарса бўлади. Болалар технологиялар сабаб яқинда ўзлари хоҳлаган ишни бемалол қила олишлари мумкин бўлади. Бу болакай ҳайдашни YouTube’да ўрганиб олган. Афтидан, у беш дақиқали видеони томоша қилиб, буни синаб кўришга қарор қилган”, - дейди полиция вакили Жейкоб Кёхлер.
Якунда болалар воқеа жойини ота-онаси билан биргаликда тарк этишган. Полиция уларга нисбатан ҳеч қандай айблов қўймади.