Жаҳон | 09:37 / 16.04.2017
14210
2 дақиқада ўқилади

Гренландиянинг энг йирик музликларидан бирида ёриқ пайдо бўлди

Гренландиянинг энг йирик музликларидан бири бўлган Петерман музлигида ёриқ пайдо бўлди. Олимларнинг фикрича, бу ёриқ музликдан катта муз "ороли"нинг ажралишига ва кейинроқ денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келиши мумкин, деб хабар бермоқда Washington Post нашри.

Ёриқ сурати NASA самолётларидан Арктика музликларининг ҳолатини кузатишга қаратилган Operation IceBridge дастури доирасида олинди. Ёриққа биринчи бўлиб коинотдан суратга олинган музликларни ўрганаётган нидерландиялик олим эътибор қаратди. Олимлар ёриқнинг пайдо бўлиши сабабини ҳали ўрнатишмаган. Ёриқ музликларга хос бўлмаган тарзда, музликнинг четида эмас, балки ўртасида пайдо бўлган. 

Янги ёриқ музлик ўртасида пайдо бўлган каттароқ ёриқ ёнида вужудга келган. Агар бу икки ёриқ бирлашса, унда ҳосил бўлган янги ёриқ музлик узунлигининг ярмига чўзилиб кетади ва бу музликдан катта бўлак ажралишига олиб келиши мумкин.   

2010 ва 2012 йилларда ҳам бу музликдан муз "ороллари" ажралган. Бу бўлаклардан бирининг майдони 250 квадрат километрдан кўпроқни ташкил қилган. Дания ва Гренландия геологик хизмати ходими Жейсон Бокснинг айтишича, музликдан ажраладиган янги бўлакнинг майдони 130 квадрат км дан 180 квадрат км гачани ташкил қилиши мумкин. 

 

Мавзуга оид