Жамият | 13:48 / 20.04.2017
15709
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда порахўр майор уч йилга қамалди

Сирдарё вилояти Ҳовос тумани ИИБ ходими майор Нодирбек Умаровнинг иш юритувида фуқаролар Г.М. ва Ш.Н. ларнинг ўзаро жинсий алоқада бўлганлиги туғрисидаги материал мавжуд эди. Ишни яхшилаб ўрганиб чиққан майор бу ишдан ўзига манфаат келтира олишни ўйлаб қолди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Майор ўз кабинетига Ш.Н.ни чакирди ва уни “энди бу қилмишинг учун қамалишинг мумкин, хоҳласанг  мен сенга ёрдам бериб юбораман”, деб қўрқитган.

“Ёрдам берсангиз мен ҳам қараб турмайман”, - деди ранги қув ўчиб Ш.Н. Бир неча кундан кейин у Ш.Н.га қўнғироқ қилиб олдига чақирди ва “Хўш, ўйлаб кўрдингми, Г.М.га уйланасанми”, - деб сўради.

Ш.Н. эса оиласи ва 2 та фарзанди борлигини ҳамда унга уйлана олмаслигини айтди ва майордан ёрдам сўради. Майор унга бармоғи билан 500 доллар бер, деб ишора килди. 

ИИБдан чиққан Ш.Н. бу суҳбат ҳакида тегишли идорага мурожаат қилди. Майор Н.Умаров 300 доллар порани олаётганида қўлга олинди. 

Сирдарё вилояти Янгиер туман Жиноят ишлари бўйича суди нафсининг қули бўлган майорга 3 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Мавзуга оид