Инсонга атиги бир марта бериладиган умрни орзуга эришиш йўлида эзгу амаллар билан шундай яшамоқ даркорки, ҳаёт интиҳосида ўтказилган умргузароликдан кишида аттанг қолмасин!
Кўр-кўрона ҳавойи ҳавасга берилиб, сабр ва қаноатни унутиб, осонгина бойлик орттириш илинжида меҳр ва таскинни ўзининг ота-онаси ва яқинларидан эмас балки, унга етти ёт бегона бўлсада бир лаҳзада ширин сўзлари билан кўнгилдан жой ола биладиган шахсларга ишониб кетаётган нодонлар учраб турибди. Айнан ўша калтафахмлар бугунги кунда турли найрангларнинг, қолаверса, «одам савдоси» деб аталган жирканч иллатнинг қурбонига айланмоқдалар.
Садоқат Худоёрова ҳам агарда ўзининг ор-номусини, қадр-қимматини оёқ ости қилмасдан, қиз бола номига иснод келтирувчи одатлардан йироқлашганида, балким кимнингдир суюкли ёри, кимларнингдир меҳрибон келини бўлармиди. Таассуфки, у ўзининг ёш умрини кўча куйда дайдиб, отасининг мағрур бошини эгиб, қаддини букди, ғам-ғуссаларнинг оғриқли юкларини кўтаролмаган отаси уни уйидан ҳайдаб, маҳаллада шармисор бўлишдан, қизининг беномуслигидан ор қилди.
Ўз уйидан ҳайдалган қиз ўзининг таниш-билишлари билан гулдек ёшлигини кўнгилочар масканларда ўтказиб, айш-ишратга муккасидан берилди.
Шу тарзда мақсадсиз дайдиб юрган кунларининг бирида Вобкент туманида истиқомат қилувчи Зулайҳо Ширинова унинг бошини силаб, ўз уйидан жой беради. Зулайҳо Ширинова кўнгил хушлашни ихтиёр этган йигитчаларни илтимосини ерда қолдирмай уларга ўзининг таниш қизларини тортиқ қилавериб, ўзининг ҳожатбарорлиги билан Вобкент туманида «Зули» номи билан танилган. Садоқат Худоёрованинг кўнгилхушликка мойиллигини илғаган аёл қисқа вақт ичида у билан опа-сингил тутиниб, ўзининг доимий мижозлари билан таништирадида, «янги ойимча»ни беномуслар бозорига пуллай бошлайди.
Унга қўнғироқлашиб уйида яшаётган Садоқатни бир соатга ёки бир кечага олиб кетадиган шакаргуфторлик шинавандалари олдиндан Садоқат учун аталган ва келишилган пулни бериб уни висол манзилига олиб кетардилар....
...Дубай. Дунёнинг энг азим ва гўзал шаҳарларидан бири. Мусулмон давлатларининг кўзгуси. Ўзининг баҳаво ва шинам жойлари, осмонўпар иморатлари билан жаҳон аҳлини лол қолдирган жаннатмакон шаҳар. Лекин ҳозирда бу шаҳар номини эшитган аксарият кишилар у ерни мутлақо бошқача талқин қилиши сир эмас. Сабаби шундаки, ўша ерда ҳам номи қурғур пул ва бойлик дея ҳар қандай разилликка қўл ураётган, қиз ва жувонларни алдаб уларни фаҳш йўлга бошлаётган, озода шаҳар номини турли тубан қилмишлари билан булғаётган «даллол»лар учраб турибди.












