«Биз пойтахтимизда ўтказилаётган ўзбек маҳсулотлари кўргазмасига бордик ва барчасини ўз кўзимиз билан кўрдик. Шунингдек, ўзимиз нимага қараб интилишимиз лозимлигини ҳам тушуниб етдик», — деб ёзади Тожикистоннинг Asia-Plus медиа гуруҳи мухбирлар.

Душанбе шаҳрида сўнгги 25 йил ичида илк бор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кўргазма-ярмаркаси ташкил этилди. Мамлакатимиздаги кўпчилик учун бу жуда кутилмаган ҳол бўлди: одамларимиз тўсатдан энг яқин қўшнимиз мустақиллик йилларида нималарга эришганидан воқиф бўлишди. Кўришди ва оҳ тортиб юборишди...

Кўргазмага саноатнинг турли жабҳалари — машинасозлик, енгил саноат, фармацевтика, озиқ-овқат, текстил ва бошқаларига доир 160 ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини кўргазмага келтиришган.

Барча маҳсулотлар чекланган миқдорда олиб кирилган — ўзбек ишбилармонлари ўз экспонатларини сотишни эмас, Тожикистонда бизнес-ҳамкорлар топишни мақсад қилишган эди.

Кўргазманинг очилиш маросими бошланишидан аввал «Пойтахт-90» мажмуаси олди одамларга тўлиб кетди. Кўргазмага ҳаттоки мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан ҳам одамлар келишган экан.

- Кўргазма ҳақида эшитиб, кечанинг ўзида Қумсангирдан ўғлимнинг пойтахтдаги уйига меҳмонга келдим, — дейди Муродилло бобо. – Фермер хўжалигимиз бор, фарзандларим билан бирга ишлаймиз. Мен қўшниларимизнинг қишлоқ хўжалик техникасига қизиқаяпман.

- Нархлар кутганимдан арзонроқ бўлиб чиқди — 4,5 минг доллар атрофида, — дейди Маҳмадулло. 

…Кўргазма очилишидан бир соат аввал санъат усталари иштирокида концерт уюштирилди, карнай-сурнай садолари остида кимлардир рақсга ҳам тушиб кетди. Мана шундай байрамона муҳитда Душанбе ўзбекистонлик меҳмонларни кутиб олди.

Томоша қилишга арзигулик нарса кўп эди

Кўргазмани очар экан, Тожикистон Республикаси инвестициялар ва давлат мулклари қўмитаси раиси Файзиддин Қаҳҳорзода ўтган йилда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маҳсулот айланмаси 2015 йилга нисбатан 5,7 мартага ошиб, қарийб 70 миллион долларга етганини айтиб ўтди.

Тожик-ўзбек муносабатларининг янги босқичи ҳақида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов ҳам гапириб ўтди: «Биз илк бор бундай катта десант — 400 дан ортиқ киши билан Тожикистонга келиб, мустақиллик йилларида яратишга эришган нарсаларимизни кўрсатмоқдамиз», — деди у. Дипломатнинг қайд этишича, ўзбек ишбилармонлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кичик бир қисмини келтиришган. «Биз жаҳонда ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай нарсани ўзимизда ҳаттоки яхшироқ сифатда ишлаб чиқара олишимизга амин бўласизлар», — дея қўшимча қилди у яна.