Агар Пхеньян ядро қуроли ва баллистик ракеталарга эга бўлганига ўн йилдан ошиқроқ вақт бўлгани инобатга олинса, нега саросима келиб-келиб энди юз бермоқда? Чунки Шимолий Корея ядро соҳасида катта қадам ташламоқчи. Режим АҚШгача етиб борадиган қитъалараро баллистик ракета яратишга яқинлашгани ҳақида очиқчасига баёнот бермоқда — Ким Чен Ин хоҳлаган вақтда бир тугмачани босиш билан Американинг исталган шаҳрининг кулини кўкка совуриши мумкин экан.

Шимолий Кореядагилар ёлғондакам дўқ қилишаётгани йўқ асло. Улар зудлик билан жанговар ҳолатга келтирилувчи қаттиқ ёқилғили ракеталар ишлаб чиқариш борасида катта муваффақиятларга эришишган, бинобарин, уларни яшириш осон ва рақиб учун уларни ахтариб топиш ҳамда огоҳлантирувчи зарба бериш мураккаблашган.

Бунга яраша, Пхеньян ўз ядро арсеналини оғишмасдан бойитиб келмоқда. Бугун Шимолий Корея 10–16 та ядро каллакларига эга. 2020 йилга бориб улар 100 та атом бомбаси ишлаб чиқариши мумкин (маълумот учун — Буюк Британияда айни пайтда 200 та атом бомбаси борлиги тахмин қилинади).

Танглик шунинг учун рўй бермоқда. Биз Ким Чен Инга Америка шаҳарларини вайрон қилиш имкониятини тақдим этмаслигимиз керак, деб ёзади The Washington Post мухбири Чарлз Краутҳаммер.

Айримлар “босиб туриш” сиёсатини сақлаш зарурияти ҳақида қатъий фикрга эга. Агар бу сиёсат шунча йиллар мобайнида хитойликлар ва русларни тийиб турган бўлса, нега у шимолий кореяликларга нисбатан қўлланилмаслиги керак?

Биринчидан, босиб туриш — собиқ Совет иттифоқи каби соғлом фикрловчи рақиб ҳақида гап кетганида ҳам — доим муваффақиятни кафолатламайди. 1962 йилда биз ядро уруши бўсағасига бир бориб қайтганмиз.

Иккинчидан, Шимолий Кореядаги режим ҳаддан зиёд ғалати. Ташқи дунё учун ёпиқ бу мамлакатни хатти-ҳаракатларини олдиндан айтиб бўмайдиган, жуда золим ва қаттол, «ўзини худо деб билувчи подшо» бошқаради. Калигулага ишонишнинг ўзи етарли эмас. Топинишга асосланган бу режим ёввойи; мамлакат аҳолиси эса — робот-инсонлар. Карен Элиот Ҳаус бир пайтлар Саддам Ҳусайн Ироқи улкан қамоқхона бўлса, Шимолий Корея — чумолилар колониясининг ўзи, деган таърифни келтирган эди.

Колонияларда эса самарали тийиб туриш тизими ва посанги бўлмайди.

Агар тийиб туришнинг иложи бўлмаса, демак уни бартараф этиш керак. Лекин қандай қилиб? Энг катта умид Хитойдан — у Шимолий Кореяга таъсир ўтказиб, уни ўз ядро дастуридан воз кечишга мажбурлаши керак.