Ўзбекистонда тадбиркорлар учун қулай шароитлар йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Қонунчиликдаги ўзгаришлар, солиқ соҳасидаги имтиёзлар бу соҳада фаолият юритиш учун янги имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Мамлакат ялпи миллий маҳсулоти таркибида кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳамда хусусий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматлар улуши ортиб бормоқда.
Шунга қарамай, ушбу соҳада салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди. Яъни, масалан, хукуматнинг тадбиркорлар учун борган сари қулай шароит ва имтиёзлар яратиб беришига қарамасдан, айрим жойларда тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритишига бевосита тўсқинлик қилиш ҳолатлари учраб турибди. Ачинарлиси, бундай вазиятлар маҳаллий мутасадди органлар томонидан амалга оширилаётгани, тадбиркорлик субъектларининг мурожааталари эса эътиборсиз қолдираётганлиги киши кўнглини ғаш қилади.

Kun.uz таҳириятига йўлланган мурожаатларнинг бирида қуйидаги масала кўтарилган. Тошкент шаҳрида жойлашган “Фарҳод деҳқон бозори” ёнидаги “Фарҳод ярмаркаси” дўконларида фаолият юритувчи тадбиркорлар дуч келаётган қийинчиликлар-у, сарсон-саргардонликларни келтириш мумкин.
Бу ерда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан боғлиқ муаммо 2011 йилда Учтепа туман ҳокимининг 21.06.2011 йилдаги 283-сонли қарори чиқиши билан бошланди. Бу қарор эса, ўз навбатида, Тошкент шаҳар ҳокиминг 11.04.2011 йилдаги 202-сонли қарори асосида чиқарилган бўлиб, унда шу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорларга тегишли бўлган бино ва иншоотлар – дўконларни бузиш ҳисобига янги замонавий бинолар қуришга рухсат этилган. Амалда эса, бузиб, янги бинолар қуриш тўлиқ шу тадбиркорларнинг зиммасига юклатилган.

Бундан ташқари, янги қуриладиган бинолар майдони бир ярим баравар қисқартирилиб, бўшаган майдон автоуловлар тўхташ жойига берилган. Сабаби, янги қуриладиган бинолар икки қаватли бўлиши айтилган.
Бузиш-қурилиш ишлари қисқа муддатлар ичида бажарилиши кераклиги талаби қўйилган, натижада лойиҳа зарурий пухталик билан тузилмаган. Бундан ташқари, туман ҳокимияти томонидан тавсия қилинган пудратчи ташкилот раҳбарияти ишларни пойдевор қуйишдан у ёғига ўтмаган. Натижада ўзлаштириб юборилган маблағлар бўйича пудратчи ташкилот раҳбариятига жиноий иш қўзғатилиб, жавобгарликка тортилган.


















