Ўзбекистон Республикаси президентининг «2018–2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Қарор матнига кўра, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш, замонавий тежамкор ва энергияни иқтисод қиладиган технологияларни жорий этиш асосида иссиқлик таъминоти тизимининг асосий фондларини янгилаш ва модернизациялаш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида қуйидагилар республикада иссиқлик таъминоти тизимини янада ривожлантиришнинг устувор вазифалари этиб белгиланган:
- иссиқлик таъминоти тизимига энергия ва ресурсларни тежайдиган янги технологиялар ва ускуналарни, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда жорий этиш;
- энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, шунингдек, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш йўли билан кўп хонадонли уй-жой фонди, ижтимоий ва бошқа объектларнинг номарказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш;
- жисмонан ва маънан эскирган, тежамкор бўлмаган қозонхона агрегатларини алмаштирган ҳолда ишдан чиққан магистрал ва тақсимлаш иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш;
- энергия ресурслари истеъмол қилиниши ва ишлаб чиқарилишининг меъёр бўйича ҳисобга олинишини ташкил этиш, истеъмолчиларнинг иссиқлик таъминоти хизмати ҳақини ҳисоблаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш;
- ноишлаб чиқариш харажатлари ўсишига йўл қўймаслик ва иссиқлик энергиясини етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмол қилишда меъёридан ортиқча нобудгарчиликларни камайтириш ҳисобига сарф-харажатларни қисқартиришга йўналтирилган иссиқлик таъминоти тизимида ягона техник сиёсатни амалга ошириш.
Қарорга кўра 2018–2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тасдиқланади ва у қуйидагиларни ўз ичига олади:
- 2018–2022 йилларда маҳаллий қозонхоналарни модернизациялаш ва реконструкция қилиш;
- 2018–2022 йилларда энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, жумладан, гелиоқурилмаларни қўллаш;
- 2018–2022 йилларда марказий қозонхоналарни модернизациялаш ва реконструкция қилиш;
- 2018–2022 йилларда иссиқлик тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш;
















