Бугун Қозоғистонда миллий футбол куни кенг нишонланмоқда. 2002 йилнинг айнан 25 апрелида Стокҳолм (Швеция)да қўшни давлат Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА)га расман қабул қилинган эди.

Қозоғистон футболини аёвсиз танқид қилишларига қарамасдан, ўз ўрнида ижобий вазиятларни ёдга олиш, ушбу спорт турига дахлдор барчани кичик юбилейча билан табриклаш ҳам мумкин.

УЕФАга ўтилганидан сўнг дарҳол равшанлашдики, қозоқ футболида қилинадиган ишларнинг адоғи кўринмас эди. Мамлакатдаги инфратузилма Европанинг аксарият давлатларидан жуда орқада эди.

Айни пайтда давлат инфратузилмани ривожлантириш учун маблағларни фаол сарфламоқда. Мамлакатдаги стадионлар янгиланган, замонавий кўринишга эга бўлди, республиканинг бош аренаси — «Астана Арена» эса яқин йилларда Европа Суперкубогини қабул қилишга номзод саналади.

Бутун мамлакат бўйлаб оммавий ҳамда болалар ва ўсмирлар футболи ривожланмоқда, турли мусобақалар ташкиллаштирилмоқда. Бутун мамлакатдаги болакайлар ўзлари келажакда Смаков, Жумаскалиев, Нусербаев, Исломхонов каби футболчилар бўлишига ишонишади. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари йирик халқаро мусобақаларда иштирок этмоқда ва муваффақият қозонмоқда. Шу йилнинг январида 18 ёшгача бўлган Қозоғистон ўсмирлар терма жамоаси Санкт-Петербургда ўтган ва 16 терма жамоа иштирок этган Валентин Гранаткин хотира турнирида кумуш медалларга сазовор бўлишди.

Қозоғистон миллий терма жамоаси халқаро майдонларда ватан шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Терма жамоанинг Сербия, Нидерландия, Туркия, Чехия, Хорватия, Украина, Польша, Руминия ва бошқа кучли терма жамоаларга қарши ўйинларини эслашнинг ўзи кифоя. Европа терма жамоаларидан ҳозир ҳеч ким Қозоғистонга сафарни навбатдаги уч очкони қўлга киритиш сифатида қабул қилмаяпти.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда клуб футболи Европа кубок турнирларида юқори натижалар намойиш этиб келмоқда. 2007 йилда Қўстанайнинг «Тобол» клуби Интертото кубогини ютиб, илк қалдирғоч бўлган эди. Ундан сўнг Қарағанданинг «Шахтёр»и 2013 йилда Европа лигасининг гуруҳ босқичига йўл олди. Мамлакат футболи тарихида энг катта натижага пойтахтнинг «Астана» клуби эришди, улар қитъанинг энг йирик футбол турнири — УЕФА чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўл олишди.