10:48 / 27.04.2017
6313

Chevrolet электрокарлари 5 ойда 7 млн кмни ортда қолдирди

Фото: motor.es

Апрель ойи бошигача бўлган ҳолатга кўра, Chevrolet Bolt электромобиллари умумий ҳисобда 4 570 300 Америка мили ёки 7 355 185 километр масофани босиб ўтишди. Модель Америка автомобиль бозорида 2016 йил декабрида пайдо бўлган эди. Шундан бери қарийб 3,5 минг киши ушбу машинани харид қилган. 

Айни вақтда «Болт»ни мамлакатнинг Калифорния, Мэриленд, Нью-Жерси, Массачусетс, Нью-Йорк, Орегон, Виржиния ва Вашингтон штатларида харид қилиш мумкин. Автомобиль шу йил ёз ойларига келиб АҚШнинг бутун ҳудудида пайдо бўлади. Chevrolet компаниясига кўра, ҳозирда, Bolt эгалари кунига ўртача 85 км йўл босишади. Шу билан жами ўртача 662,5 минг литр ёқилғи тежалган. 

Chevrolet Bolt 200 кучли электрмотор ва 60кВт/соатлик литий батареялар билан жиҳозланади. Машина 100км/с тезликка 7 сонияда эришади. Бир марта қувватлангач 320 км масофани ортда қолдира олади. «Болт» АҚШда 2016 йилнинг энг яхши машинаси деб топилган эди. 

Модель нархи 36,6 минг доллардан бошланади, бироқ компания ҳар бир сотилган машинадан 9 минг доллар йўқотади. 

Top