1939 йилда асос солинган Toshiba дунёдаги энг йирик чип, маиший ва офис электроникасини ишлаб чиқарувчи корпорацияларидан бирига айланди. Шунингдек у HD-DVD форматининг яратилишида иштирок этган ҳамда робот техникаси соҳасида юқори технологик ишланмалари билан машҳур.

Молиявий ҳисоботларнинг сохталаштирилиши ва Westinghouse муаммолари туфайли Toshiba ҳозир қийин вазиятда қолган, ҳатто раҳбариятнинг ўзи ҳам конгломератнинг келгусидаги истиқболларига шубҳа қилмоқда.

2017 йилнинг 11 апрелида маълум бўлишича, Toshiba келгусидаги фаолиятини шубҳа остига қўйди. Молиявий йил якунларига кўра, компания 9,2 миллиард доллар зарарни прогноз қилмоқда. Раҳбарият уни қутқаришга уриниб, алоҳида йўналишларни сотишга киришди.

Toshiba ўз тарихи давомида бир неча инқирозларни бошдан кечирган ва мураккаб вазиятлардан доим муваффақиятли чиқишнинг уддасидан чиққан.

Toshiba'нинг асосчиси муҳандис Хисасиге Танака ҳисобланади. У 1799 йилда уста-ҳунарманд оиласида дунёга келган. Болалигидан ўз ихтиролари билан машҳур бўлган Хисасиге 14 ёшидаёқ чиройли ва мураккаб конструкцияларни тайёрлай олувчи дастгоҳни яратган. У пайтлар Японияда бундай технологиялар бўлмаган.

20 ёшида у "каракури-нингё" механик қўғирчоқларини тайёрлай бошлаган. Танаке ҳақиқий санъат асарларини яратарди ва улар билан томошалар кўрсатиб, мамлакат бўйлаб саёҳат қиларди.

Хисасиге оилада тўнғич ўғил бўлган ва шу боис ота касбини мерос қилиши керак эди, лекин ихтирочи отасини бундай шарафни кенжа укасига кўрсатишга кўндирган, ўзи эса саёҳат қилишда давом этган. Хисасигенинг асосий орзуси ихтирочи бўлиш эди, у доимо ўз кўникмаларини мукаммаллаштиришга ҳаракат қилган.

1830-йилларнинг ўртасида "каракури" томошалари машҳурликни йўқота бошлаганида Танаке Осакага қараб йўл олди ва у ерда гидравлика, пневматика ва колза ёғи асосидаги ёритиш шакллари устида тажриба қилган. У чўнтак шами, шунингдек оддий шамдан ўн карра кўп ёритувчи узоқ ёнувчи лампаларни яратган. Танака харидорлар эҳтиёжини қондириш учун лампанинг етти хил вариациясини тайёрлаган.

Танака бироз вақт Киотода бўлиб, у ерда математика, тақвим ва астрономияни ўрганган. Бу даврда у махсус ёнғинга қарши насос ишлаб чиққан. Унинг яна бир машҳур ихтироларидан бири "Мириада йиллар соатлари" бўлган. Улар япон маданий меросининг бир қисмига айланган.

Ишланма суткадаги вақт, йил, ой, ой фазаси, Япония вақти ва қуёш даврини кўрсатиб турувчи соатдан иборат. Соат минглаб қисмлардан ташкил топган, Танака уларни уч йил давомида одий асбоб-ускуналар ёрдамида тўплаган. 2004 йилда японлар Танаканинг санъат асари нусхасини бажаришга уриниб кўришган. Бунинг учун ярим йил давомида фаолият кўрсатган 200 нафар муҳандис керак бўлган. Ҳатто улар ҳам баъзи деталарни такрорлашнинг уддасидан чиқа олишмаган.