Ташқи ишлар вазирлиги 2017-2020 йиллар учун Халқаро шартномавий-ҳуқуқий фаолиятни такомиллаштириш бўйича иш режасини ишлаб чиқди. Лойиҳа НҲТБТ порталида жойлаштирилди, деб хабар бермоқда Norma.uz.
 
Халқаро муносабатлар соҳасидаги иш 4 та асосий йўналиш бўйича олиб борилади:
 
1 – Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация ва танқидий таҳлил қилиш.
 
2 – истиқболли ва амалий жиҳатдан аҳамиятли ҳалқаро шартномалар ва битимлар ҳисобига шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш.
 
Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида қуйидаги ҳужжатларни қайд этиш мумкин:

•  Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида конвенция (Киото, 1973 йил 18 май);

•  Халқаро шартномаларда электрон хабарлардан фойдаланиш тўғрисида БМТ конвенцияси (Нью-Йорк, 2005 йил 23 ноябрь) ;

•  Саёҳатлар учун контракт бўйича халқаро конвенция (Брюссель, 1970 йил 23 апрель).
 
Жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳукуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим ҳужжатлар орасида 2002 йил 7 октябрдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Кишинев конвенцияси, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида БМТ конвенцияси (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) мавжуд.
 
Бундан ташқари, транспорт ва транзит, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида қатор халқаро битимларни ратификация қилиш режалаштирилмоқда.
 
3 – давлатнинг халқаро норма ижодкорлиги фаолиятида фаол иштироки. Бу мақсадлар учун, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузурида Халқаро ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар марказини ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилади.
 
4 – халқаро шартномаларни ҳисобга олиш ва туркумлаштириш, шунингдек, замонавий АКТ қўллаган ҳолда тизимли равишда уларни инвентаризация ва мониторинг қилишни кўзда тутадиган электрон маълумотлар базасини барпо этиш.