Мамлакатимиз истиқлолга эришгандан сўнг судларнинг мустақиллигини таъминлаш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи органга айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Бироқ Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конс­титуциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд-ҳуқуқ соҳасида қатор муаммоларга эътибор қаратиб, судларда ишларни кўриш сифатини ошириш, айниқса, фуқаролик ишларида овора бўлиб юришларнинг олдини олиш, айнан бир инстанция судида ишни бир неча маротаба кўриб турли қарорлар қабул қилиш амалиётига чек қўйиш вақти келганини алоҳида таъкидлаган эди. Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги «Ҳайрондара умиди» фермер хўжалиги раҳбари Fуломжон Қаҳҳоров ана шундай сансалорлик қурбони бўлмоқда.

Ушбу воқеа акс этган Абдулла Собирқуловнинг мақоласи "Жамият" газетасида эълон қилинди. 

Қоғозда бору амалда йўқ!

Унинг қўлида Олтинсой тумани ҳокимининг 2016 йил 27 июлдаги 1633-сонли қарори бор. Қарорда «Вахшивор» ҚФЙ ҳудудидаги туман захира ер фондидан «Ҳайрондара умиди» фермер хўжалигига 4,5 гектар ер майдонини (шундан 3,9 гектари узумзор, 0,60 гектари бошқа майдон) 30 йил муддатга ижарага ажратиб бериш белгиланган.

Мазкур ҳужжатга асосан Олтинсой тумани ер ресурслари ва давлат кадас­т­ри бўлими 2016 йилнинг 31 июлида 27-ижара шартномасини рўйхатга олган. Шундан сўнг фермер «Ягона дарча» орқали ҳокимнинг қарорида кўрсатилган давлат ташкилотларида белгиланган вақт­да рўйхатдан ўтиб, фермер хўжалиги номига муҳр ва штамп олади. Фермер катта орзу-умидлар билан иш бошлаётган, ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди. Бироқ у ўзига тегишли ер майдонига ҳатто кира олмаяпти. Нега?

Муаммо нимадан бошланган эди?

Гап шундаки, F.Қаҳҳоров Олтинсой тумани ҳокимлигига ер ажратишни сўраб ариза беради. Бироқ аризаси кўриб чиқилмайди, сўрови қаноатлантирилмайди. У мазкур ҳолат юзасидан республика ташкилотларига бир неча маротаба арз қилади. Ҳартугул, прокуратура органлари томонидан мурожаати назоратга олинади.

Шундан сўнг 2016 йил 16 майда Халқ депутатлари Олтинсой тумани Кенгашининг тумандаги боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ер майдонларини мақбуллаштириш тўғрисидаги 19/1-сонли қарори чиқади. Унга кўра Олтинсой тумани «Вахшивор» ҚФЙ ҳудудидаги «Сайрак адир» фермер хўжалиги тасарруфидан давлат захирасига чиқарилган 193-контурда 83-лойиҳада белгиланган 4,5 гектар ерни (3,9 гектари узумзор, 0,60 гектари бошқа майдон) ажратиш учун ўтказиладиган тендерга номзод сифатида рўйхатга олинади.