Америка Қўшма Штатлари норасмий «Бутунамерика дивизияси» ёки «Шалвар кийган иблислар» деб номланувчи 82-ҳаво десант дивизия таркибидан бир ярим минг ҳарбийни Афғонистонга жўнатади. Бу ҳақда Американинг Daily Beast интернет-нашри хабар берган. Бироқ, Пентагондагилар «РИА Новости»га гап режали ротация ҳақида кетаётгани, ҳарбийлар сони оширилмаслигини таъкидлашган.
«Бу режалаштирилган операция ва у жангариларнинг ҳеч қандай ҳужуми билан боғлиқ эмас», — демоқда 82-дивизия матбуот хизмати.
«Толибон»га қурол қаёқдан келган?
Эҳтимол, бу ростдан ҳам режали ротация бўлиши ҳам мумкин, бироқ у бир томондан, Афғонистонга америкалик юқори мартабали амалдорлар ва дипломатларнинг тез-тез ташриф ошираётган вақтига тўғри келмоқда. Сўнгги вақтлар ичида Кобулга АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳерберт Макмастер ва АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис ташриф буюришган. Уларнинг ҳар иккисини кўплаб вакиллардан иборат делегация кузатиб борган.
Бошқа тарафдан, Афғонистон ҳукумати мамлакатдаги вазиятни тобора ёмонроқ назорат қилмоқда. Назорат йўқолганига яққол мисол — «Толибон» жангарилари томонидан Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги Мозори Шариф шаҳрида ҳарбий хизматчиларнинг оммавий қатл қилинишидир. Жангариларнинг ҳужуми натижасида 200га яқин ҳарбий ўлдирилган. Икки исломий жангари шаҳидлар белбоғини ҳаракатга келтирган, яна бир нечтаси казармада ўтирган қуролсиз аскарларга қарата ўқ узишган. Жангарилар ҳарбий база ҳудудига кириш учун қийинчиликсиз еттита назорат ўтказиш пунктини босиб ўтишган.
Бошқарувдаги бошбошдоқликнинг яна бир далили — 209-армия корпусида Афғонистон мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган текширув бўлди: аниқланишича, қурол-яроғларнинг ярмиси йўқолиб қолган. Афтидан, қуроллар ё исломий жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган, ё афғон зобитлари томонидан уларга пулланган.
Ушбулар фонида Вашингтон Россияни «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватлашда айбламоқда. Илгари бундай айбловлар билан республикачи-сенатор Жон Маккейн чиқиш қилиб турарди: «Россия айни пайтда Афғонистондаги вазиятга аралашиб, «Толибон»ни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб, АҚШнинг саъй-ҳаракатларини йўққа чиқаришни мақсад қилган», —дея. Буни ҳар нарсада Москвани айблашга кўникиб қолган Маккейннинг имижига хос риторика, дейиш ҳам мумкин. Бироқ, шу кунларда Афғонистоннинг Кундуз ва Ҳирот шаҳарларида бўлиб ўтган толибларнинг бир неча аксиламерика акцияларида Москванинг қўли борлиги ҳақида АҚШ ва НАТО кучларининг Европадаги қўмондони, генерал Кёртис Скапаротти ҳам айтиб ўтган. «Сўнгги вақтларда Россиянинг «Толибон» билан ҳамжиҳатлигини кузатмоқдаман, эҳтимол, гуруҳ руслар томонидан қўлланилаётган ҳамдир», — деган Скапаротти.
















