Яқинда қонунчиликка киритилган тузатишларга кўра меҳмонхоналарда хорижликларни жойлаштириш учун тўловни валютада амалга ошириш керак. Валюта ҳисоб-китоблари учун тарифнинг юқорилиги турларнинг даромадлигини туширмоқда ва рақобатбардошлигини пасайтирмоқда, деб ёзади Norma.uz эксперти.
Ўзбекистонда сайёҳлик тармоғини ривожлантириш учун талай чора-тадбирлар кўрилмоқда. Юридик шахслар камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхоналар ва мотелларни фойдаланишга топширганда фойда солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи, шунингдек ягона солиқ тўловини 5 йил мобайнида тўламайди. Барча меҳмонхоналар ва жойлашишнинг бошқа воситаларига валюта тушумининг 75 фоизини ўзида олиб қолишга рухсат берилган. Кичик корхона бўлмиш туроператорлар эса валютани мажбурий сотишдан умуман озод этилган. Бу ҳали имтиёзларнинг тўлиқ рўйхати эмас.
Аммо ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда янги муаммолар ҳам пайдо бўлди. Улар орасида – республика ичида валюта ҳисоб-китоблари бўйича тарифлар.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон ҳудудида меҳмонхоналарда ва бошқа жойлаштириш жойларида хорижий фуқароларга ҳамда республикада доимий турар жойига эга бўлмаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, жойлаштириш бўйича хизматларга ҳақ тўлаш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади. Улар учун тўлов таклиф этувчи давлат ва бюджет ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ҳолатлар бундан мустасно.
Бундан ташқари, турилган ҳар бир кун учун 2 АҚШ доллари эквивалентида туристик йиғим ундирилади (мазкур шахслар тоифасини жойлаштириш бўйича хизматларга ҳақ тўланадиган валютада).
Жойлаштириш хизматлари учун ҳамда туристик йиғим тарзида келиб тушадиган хорижий валюта иккита турли ҳисоб рақамга туширилади. Туроператор иккита тўлов топшириқномаси билан меҳмонхонага хорижий валютани юбориши керак.
Бунда кўпгина тижорат банкларининг республика ичидаги валюта ҳисоб-китоблари учун фоизи ўтказилган сумманинг 0,05–1 фоизини, аммо камида 20 АҚШ долларини ташкил этади. Бундан ташқари, алоқа каналлари бўйича ҳар бир хабар учун 20 АҚШ доллари миқдоридаги комиссия ундирилади. Яъни ҳар бир тўлов топшириқномаси учун банк камида 40 доллар олади. Бундай тарифларнинг сабаби – валюта ҳисоб-китоблари SWIFT халқаро тизими бўйича ўтказилишидир.
Масалан, туроператор 2 нафар эр-хотинга хизмат кўрсатади. Улар туриши ва Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Хиванинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюриш учун 1000 доллар тўлашди (киши бошига 500 доллардан).
Туроператор туристларни биргина меҳмонхонага жойлаштиришда қуйидаги минимал банк харажатларига тушади:











