Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни «Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификация агентлигининг фаолиятини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарорни имзолади. 

Маълумки, маҳаллий маҳсулотларнинг сифати ва хорижий бозорлардаги рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги миллий норматив-ҳуқуқий базанинг халқаро талабларга мос даражаси, шунингдек, республикамизнинг синов ва ўлчаш лабораториялари моддий-техник базасининг ҳолати ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикасида кейинги йилларда кўрсатиб ўтилган соҳа ва тармоқларда аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 

Хусусан, мазкур соҳада қонуний базани такомиллаштириш доирасида халқаро қоида ва амалиётни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида” (2009 йил) ва “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги (2013 йил) қонунлари қабул қилинди. Ушбу қонунлар ички бозорнинг сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиниши ҳамда республикамиз лабораториялари томонидан ўтказилган синовлар натижаларининг халқаро даражада тан олинишини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида” ва “Метрология тўғрисида”ги қонунларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун сертификатлаштириш ҳамда стандартларни қабул қилиш ва жорий этиш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхати кескин қисқартирилди. Экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш ихтиёрий равишда амалга оширилиши белгиланди, ўлчаш воситаларини тайёрлаш, сотиш ва ижарага бериш фаолиятини лицензиялаш жараёни бекор қилинди. 

Сертификатлаштириш ва стандартлаштириш қоидаларига риоя этилмаганлиги учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўллаш меъёрлари бекор қилиниб, мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги кучайтирилди. Шунингдек, 23 та техник регламентни қабул қилиш ҳисобига 700 дан ортиқ стандарт ихтиёрий турга ўтказилди. 

Шу билан бирга, соҳадаги ишларнинг таҳлили ваколатли давлат бошқаруви идораси сифатида “Ўзстандарт” агентлигининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бир қатор ечими топилмаган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.