Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси илмий тадқиқотлар учун грант ҳамда стипендиялар танловини эълон қилди.
Мазкур танловдан кўзланган мақсад республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, соҳада фаолият юритаётган катта илмий ходим-изланувчилар, талаба ёшларнинг илмий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.
Касаба уюшмалари Федерациясининг илмий тадқиқотлар учун стипендияси 2017-2018 ўқув йили давомида магистратура ва бакалавриат талабаларини рағбатлантириш мақсадида белгиланади.
Стипендияларнинг ойлик фонди энг кам ойлик иш ҳақининг 5 (беш) баробаригача миқдорда белгиланади. Стипендия 2017-2018 ўқув йили (сентябрь-июнь ойлари) давомида ҳар ой кесимида тўлаб борилади.
Касаба уюшмалари Федерациясининг илмий тадқиқотлар учун гранти катта илмий ходим-изланувчи ва мустақил изланувчиларни рағбатлантириш мақсадида белгиланади.
Грант фонди тақдим этилган лойиҳанинг асосланганлик даражасига мувофиқ республикада ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 45 (қирқ беш) баробаригача миқдорда белгиланади. Федерация гранти танлов комиссияси тавсиясига кўра бир йўла тўланиши мумкин.
Танловга ҳужжатлар жорий йилнинг 1 июнь санасига қадар Касаба уюшмалари Федерацияси ёки унинг ҳудудий бирлашмаларида қабул қилинади.
Танловга оид батафсил маълумотлар ва талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин.
Илмий тадқиқотлар учун грант танловига номзоднинг анкетаси
Илмий тадқиқотлар учун стипендия танловига номзоднинг анкетаси
Қўшимча маълумотлар
Касаба уюшмалари томонидан илмий тадқиқотлар учун эълон қилинган грант ҳамда стипендиялар танлови ҳақида батафсил маълумот













