Кун.uz таҳририяти 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига ижодий сафар уюштириб, раҳбарлар, мутасаддилар ва аҳоли билан мулоқот ўтказишда давом этмоқда. Таҳририятнинг навбатдаги сафари Наманган вилоятига бўлди.
Сафар давомида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан турли масалаларда очиқ суҳбат бўлиб ўтди. Ушбу суҳбат давомида вилоятда мавжуд муаммолар тилга олинди ва уларнинг ҳал этилиши борасида фикрлар ўртага ташланди.
Вилоятдаги йўллар ҳолати
Охирги йилларда йўл тизими бўйича Наманган вилоятида нисбатан четда қолган. Йўллар бўйича 11 та лойиҳамиз давлат дастурига тушган ва уларнинг барчасига маблағ ажратилган. Лекин, шу 11 та лойиҳалар охирига етмай қолиб кетган. Сабаби улар номақбул қурувчиларга берилган. Бунда ўзимиз ҳам назоратсизлик қилганмиз, ўзимизда катта айб бор. Бугунги кунда асфальтлаш учун 39 миллиард сўм ажратилган, қишлоқлардаги ички кўчаларда қаттиқ қопламали шағалга ўтилади. Наманган вилоятига 17,5 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Бунинг натижасида 284 километр лой бўлган ички кўчаларимиз қаттиқ қопламали йўлларга айлантирилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси
Қишлоқ хўжалиги бизнинг энг асосий тармоқларимиздан бири. Бугунги кунда аҳолимизнинг қарийб 50 фоизи қишлоқда истиқомат қилаяпти. Бизни боқадиган ҳам, кийинтирадиган ҳам ердир. Олдинлари тўлиқ пахта экиб, фақат пахтачилик, ғаллачиликка ихтисослашган бўлсак, махсус қарорлар билан йилма-йил пахта майдонлари қисқариб бормоқда. Келгуси 5 йил ичида 10 минг гектар пахта майдони, 5 минг гектар ғалла майдони қисқаради. Улар бугунги кунда самара бермаётган ерлардир. Наманган вилоятида ўтган йилнинг якуни билан оладиган бўлсак пахтани қайта ишлаш фоизини 37 фоизни ташкил қилди. Бугун Наманган вилоятида махсус қарорлар билан 15 та дастур амалга оширилмоқда. 2017-2018 йилларда бу дастурлардаги барча тўқимачилик корхоналари фойдаланишга топширилади. Режада 2017-2018 йилларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг пировард натижаси билан 37 фоиз қайта ишлаётган пахтамизнинг 100 фоизи Наманган вилоятида қайта ишланади.
Бугунги кунда 34 минг гектар боғ-токларимиз бор. Бу жуда катта имконият. Биринчидан, бу мева-сабзавотни етиштириш. Қолаверса, буни экспортга юбориш. Бу йил 162 миллион долларлик экспорт қилишни режалаштирганмиз. Лекин жуда катта муаммоларимиз бор. Бизда юқори ҳосилли, энг замонавий уруғларимиз йўқ. 24 минг боғимизнинг деярли 22 мингининг ҳаммаси эски боғлар. Буларни янгилаш керак.
















