Сочида Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ҳамда Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида учрашув бўлиб ўтди ва у уч соатдан ортиқ вақт давом этди.

Шундан сўнг икки мамлакат етакчилари матбуот анжуманида журналистлар олдида баёнот беришди. РИА "Новости"га кўра, музокараларнинг асосий мавзулари - икки томонлама муносабатлар, терроризм билан кураш ва Яқин Шарқдаги вазият.

Икки томонлама муносабатлар

Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири икки томонлама муносабатлар бўлди. Путиннинг сўзларига кўра, Россия ва Туркия кўп тармоқли ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори.

"Туркия Россиянинг муҳим ва истиқболли ҳамкори ҳисобланади. Ҳаммага маълумки, бироз вақт аввал бизнинг икки томонлама муносабатларимиз синовдан ўтди. Ҳозир ишонч билан айтиш мумкинки, Россия-Туркия муносабатларидаги тикланиш даври ниҳоясига етди. Биз ўзаро ҳамкорликнинг нормал ҳолатига қайтдик", - деди Путин.

У май ойининг охирида икки томонлама муносабатлар асосидаги рус-турк келишувига 25 йил тўлишини ёдга солди.

Россия раҳбарининг сўзларига кўра, икки мамлакат ҳукумат аъзолари ҳамда етакчи энергетика компаниялари раҳбарларининг музокаралари давомида томонлар Россия ва Туркиянинг 2017-2020 йиллар учун Ҳамкорлик дастурининг бажарилиш жараёнларини батафсил ўрганиб чиқишган.

Путиннинг айтишича, иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик, савдо ва инвестиция алмашинувини кенгайтиришга ҳалақит берувчи чекловлар ва тўсиқларнинг олиб ташланишига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек учрашув иштирокчилари ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валютага ўтказиш имкониятларига ҳам тўхталиб ўтишди.

Шунингдек Москва Туркиядаги "Аккую" АЭС қурилишига 22 миллиард доллар сармоя қилаётгани таъкидланди.

Фото:РИА Новости 

Раҳбарлар баёнотига кўра, ўзаро савдо кўрсаткичларининг пасайишини тўхтатишга муваффақ бўлинган. Путин 2017 йилнинг биринчи ойлари "ўзаро товар айирбошлаш тахминан 3 фоизга ўсгани"ни қайд этди.

Бундан ташқари, РФ президенти икки давлат ўртасидаги савдо чекловлари бекор қилинганини таъкидлади.