Франциянинг янги сайланган президенти, 39 ёшли Эммануэл Макрон шу вақтгача Rothschild & Cie Banque банкида инвестициялар бўйича банкир, Франсуа Олланд ҳукуматида иқтисодиёт вазири бўлишга ҳам улгурди. Келаси беш йилда у дунёнинг ядровий давлатларидан бири – Франциянинг президенти лавозимини эгаллайди. 

У ўта ўнг кайфиятдаги “Миллий Фронт” етакчиси Марин Ле Пенни деярли 2 баравар фарқ билан ортда қолдирди. Шу билан Макрон Франциянинг сўнгги 140 йиллик тарихидаги энг ёш давлат раҳбари номини қўлга киритди. Хўш, Европанинг сўнгги бир неча йилликлардаги энг муҳим сайлови натижаси ҳақида нималарни билиш лозим? Insider.pro сайти шу хусусда таҳлил юритади.

1. Популизм* рад этилмади, балки ортга сурилди

Ҳа, Европа элитаси учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган сиёсий ғалаба кураши поёнига етгани йўқ. Гарчи, кенг жамоатчилик асосий сиёсий зиддиятларни алоҳида бир шахсларнинг қарама-қаршилиги сифатида қабул қилса-да, статистика ўз вазифасини бажармоқда: бир йилдан ошдики, ишсизлар сони камаймоқда, иқтисодиёт барқарорлаша бошлади. Тадқиқотларга кўра, иқтисодий ўсиш суръатлари сўнгги 6 йилдаги энг юқори кўрсаткичига етди. 

Фото: Reuters

Албатта, айни шу нарса ҳам Ле Пенни норози кайфиятдаги сайловчилар овозидан маҳрум қилди. Икки ҳафта муқаддам, Марин Ле Пен 21,3 фоиз тўплади. 2014 йилда унинг партияси ЕИ парламенти учун сайловларда 24,8 фоиз овоз тўплаган эди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, 2014 йилги натижа “Миллий Фронт” учун инқироздан кейинги ягона энг юқори кўрсаткич бўлди. Аммо, сиёсий оқимларнинг машҳурлиги даврийлик касб этади, радикал сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаш даражасини англатувчи кўпгина омиллар — глобаллашув танқиди, Ислом дини тарқалишидан қўрқув, ишсизлик — буларнинг барчаси ўз таъсирига эга. Мариннинг натижаси отаси Жан-Мари Ле Пеннинг 2002 йилги президентлик сайлови иккинчи турида кўрсатган 17,8 фоизлик кўрсаткичидан деярли икки баравар юқорилигича қолди ва узоқ истиқболда “Миллий Фронт” машҳурлиги ортиши табиий. 

2. Французча истисно

2016 йилда популизм иккита йирик ғалабага эришди. Булар Дональд Трампнинг президент сифатида сайланиши ҳамда Brexit бўйича референдумда ЕИ таркибидан чиқувчиларнинг ғалаба қозонишидир. Бунда, асосан, ёши катта кишиларнинг овози муҳим ўрин тутди. Хусусан, Трампни қўллаб-қувватлаган 65 ёшдан катта сайловчилар орасидаги фарқ 8 фоизни ташкил этган бўлса, Brexit ташаббусини маъқуллаган кекса британияликлар 20 фоизга кўпроқ эди. “Бироқ, Францияда Ле Пен барча ёшдаги сайловчилар орасида фақат ёшлар ўртасида машҳурроқ бўлди”, - дейди Ҳарвард университети ўқитувчиси Яша Мунк. Унинг айтишича, бошқа сайловчилар 80/20 нисбатда Макрон фойдасига овоз беришган.