Ўзбекистон | 15:20 / 10.05.2017
15760
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореянинг янги президентини Ўзбекистонга таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасининг янги президенти Мун Жэ Инни сайловдаги ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

«Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўтган 25 йил давомидаги ҳақиқий дўстлик, кучли стратегик шериклик, икки томонлама ва халқаро доирадаги долзарб масалалар бўйича конструктив мулоқотни ўз ичига олади», — дея қайд этилган мактубда.

Табрикда таъкидланишича, томонлар автомобилсозлик, машинасозлик, электр энергетика, нефть-газ, электротехника, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари, телекоммуникация ва бошқа соҳаларда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари иштирокида инвестицион ҳамкорлик борасида улкан ижобий тажриба тўплаган.

Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида изчиллик ва тадрижийликни сақлаган ҳолда Корея Республикаси билан дўстликни ва конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган йўлдан олға боради.

Шавкат Мирзиёев Мун Жэ Инни ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилган.

Мавзуга оид