Хитойга 11–13 май кунлари давлат ташриф билан бораётган президент Ш.Мирзиёев 14–15 май кунлари Чин юртида ташкиллаштирилаётган халқаро ҳамкорлик бўйича «Бир макон, бир йўл» стратегияси доирасидаги олий даражадаги форумда ҳам иштирок этади.
Аввалроқ Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ванг Йи формуда 28 президент ва бош вазирлар иштирок этишини таъкидлаб ўтган эди. Бу йилги форумда иштирок этишни Ўзбекистон, Аргентина, Беларусь, Чили, Чехия, Индонезия, Қозоғистон, Кения, Лаос, Филиппин, Россия, Швейцария, Туркия, Вьетнам президентлари, Камбожа, Эфиопия, Фижи, Юнонистон, Венгрия, Италия, Малайзия, Мўғулистон бош вазирлари, Мьянма давлат котиби, шунингдек, Покистон, Польша, Сербия, Испания, Шри-Ланка бош вазирлари тасдиқлашган.
Келинг, ушбу йирик халқаро анжуман ҳақида тўхталсак. Уни ўтказишдан мақсад нима, у истиқболда нималарни назарда тутади?
Форум ғояси қачон пайдо бўлди?
Форум концепцияси илк бор ХХР раиси Си Жинпинг 2013 йилнинг кузида Марказий Осиё давлатлари ва Индонезияга ташриф буюрганда очиқланган эди. «Бир макон, бир йўл»ни барпо этиш Хитойнинг янги ҳукумати олдига қўйилган муҳим масалалар рўйхатига киритилган эди. Ўшанда ХХР ташқи ишлар вазири Ванг Йи бу ташаббусни амалга ошириш 2015 йилда ХХР ташқи сиёсий фаолиятининг «фокуси»га айланиши айтиб ўтган эди.
Хитой томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббуснинг моҳияти — Хитой иштирокидаги мавжуд минтақавий икки томонлама ва кўптомонлама механизмлар ва ўзаро таъсир структураларини мустаҳкамлаган ҳолда, халқаро ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги моделини излаб топиш, шакллантириш ва илгари суришни назарда тутади. Қадимий Ипак йўли руҳиятини ривожлантириш ва давом эттириш асносида «Бир макон, бир йўл» минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, жалб этилган давлатларнинг иқтисодий равнақ топишини рағбатлантириш, турли цивилизациялар ўртасидаги турли соҳалардаги маданий айрибошлаш ва алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, тинчлик ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш ётади.
Хитойнинг расмий маълумотларига кўра, «Бир макон, бир йўл» ривожланаётган давлатлар, жумладан, янги иқтисодиётлар ва ривожланган давлатлардан иборат Евроосиё материгининг катта қисмини қамраб олади. Мегалойиҳа ҳудудида жуда бой ресурслар захиралари бор, бу ерда Ер куррасининг 63 фоиз аҳолиси истиқомат қилади, тахмин қилинаётган иқтисодий миқёс эса 21 триллион АҚШ долларига тенг.
Умумий манфаатларга асосланган ҳамжамият
«Бир макон, бир йўл»нинг биргаликда қурилиши ҳар бир давлатнинг солиштирма устунлигидан яхшироқ фойдаланиш имконини беради ва иқтисодий жиҳатдан бири бирини тўлдириш ҳолатини ривожланишнинг янги ҳаракатга келтирувчи кучига айлантиради.

















