Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни 3 кунлик давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасига боради. Давлат раҳбари, шунингдек, 14-15 май кунлари бўлиб ўтадиган олий даражадаги "Бир қутб бир йўл" форумида иштирок этади.
Шу муносабат билан экспертларга мурожаат қилган РИА Новости агентлигига кўра, ўзбек етакчисининг Хитойдаги музокараларини икки мамлакатнинг инвестиция ва транспорт салоҳиятидан тўла фойдаланиш истаги билан баҳолаш мумкин. Ташриф Тошкентнинг Пекин билан ўзаро фойдали муносабатлар даражасини сақлаб қолишни кўзлайди.
Мирзиёев 11-13 май кунлари амалга оширадиган давлат ташрифи чоғида ХХР раиси Си Жингпин, Давлат кенгаши раҳбари Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Децзян ва бошқа раҳбарлар билан учрашувларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилади. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар. Мирзиёев ташриф дастуридан Хитойнинг етакчи компания ва фирмалари вакиллари билан учрашуви режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистонда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда ўзаро фойдали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилади.
Олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши, Ўзбекистон – Хитой ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари матбуот котиби Асад Хўжаевнинг журналистларга маълум қилишича, ташриф чоғида умумий қиймати 20 млрд долларлик 100га яқин шартномалар имзоланади.
Ҳужжатлардан ҳаракатларга
Айтиш жоизки, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкори бўлиб қолмоқда. Ўзбек томони маълумотларига кўра, 2016 йили ўзаро товар айирбошлаш миқдори 4,25 миллиард долларни ташкил этган. Шу жумладан, Ўзбекистон экспорти 2 миллиард долларни, импорт ҳажми 2,25 миллиард доллардан иборат бўлган. Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган Хитой сармоясининг умумий ҳажми 8 млрд долларга етган. Бу республикага киритилган хорижий инвестицияларнинг энг йиригидир. Ўзбекистонда 651та Хитой корхоналари фаолият юритмоқда, уларнинг 90таси тўлиқ Хитой сармояси асосида ташкил этилган, Хитойнинг 75та компанияси ўз ваколатхоналарига эга.



















