Улар немис армиясига қарши курашиш мақсадида Марказий Осиёдаги ўз уйларини ташлаб келишган. Сўнгра асирга тушишган ва жулдур уст-бошли бу аскарларни Нидерландияда жойлашган концлагерга жўнатишган. Ҳозир ҳаёт бўлганларнинг жуда кам қисми ҳолландларнинг Амерсфорт шаҳри яқинида отиб ташланган 101 нафар ўзбекни эслайди. Агар синчков ҳолланд журналисти бўлмаганида, улар ҳақидаги хотира умуман йўқ бўлиб кетар эди, — деб ёзади BBC.

Ҳар баҳор юзлаб ҳолландлар — эру-хотинлар, ёшлар ва қариялар Утрехтдан унча узоқда бўлмаган Амерсфорт ўрмонида йиғилишади.

Бу ерда улар нацистлар томонидан отиб ташланган, сўнгра ярим асрдан зиёд вақт унутиб юборилган 101 совет аскари хотирасига чироқ ёқишади.

Бу воқеа 18 йил олдин маълум бўлган эди. Ўшанда ҳолланд журналисти Ремко Рейдинг Россияда бир неча йил ишлаганидан сўнг Амерсфортга келади. У дўстидан шаҳардан нарироқдаги совет жангчилари қабристони ҳақида эшитиб қолади.

«Мен таажжубга тушдим, чунки шу вақтгача у ҳақида умуман эшитмаган эдим. — дея ҳикоя қилади Рейдинг. — Мен қабристонга бордим, гувоҳларни ахтариб, архивлардан материаллар тўплай бошладим».

Аниқланишича, бу жойда 865 нафар совет жангчиси дафн этилган экан. 101 нафар аскардан бошқа жасадлар Германия ёки Ҳолландиянинг бошқа ҳудудларидан келтирилган экан.

Бироқ 101 аскар — уларнинг ҳаммасининг исми номаълум — Амерсфортнинг ўзида отиб ташланган.

Уларни Германия совет иттифоқи ҳудудига бостириб кирганининг дастлабки ҳафталарида Смоленск остонасида асирга олишган ва нацистлар томонидан оккупация қилинган Нидерландияга пропаганда мақсадларида жўнатишган.

«Улар атайлаб, нацистик ғояларга қаршилик қилаётган ҳолландларга кўрсатиш учун осиёча кўринишга эга бўлган аскарларни йиғиб олишган, — дейди Рейдинг. — Нацистлар уларни untermenschen — чала инсон деб атаб, ҳолландлар бундай совет фуқароларини кўрса немислар тараф бўлиб қолади, деб ўйлашган».

Фото: Лагерь комменданти Карл Петер Берг 1949 йилда отиб ташланган.